5 декабрь куни соат 09:00 дан бошлаб Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтақорача довонида автомобиллар ҳаракати чекланди. Бу ҳақда ЙҲХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, довонда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида амалий ўқув машғулоти ўтказилади. Машқ давомида йирик тошларни хавфсиз тушириш ишлари амалга оширилиб, довонда транспортлар ҳаракати вақтинча чекланади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Газета.uz»га билдиришича, довонда автомобиллар ҳаракати бугуннинг ўзида қайта тикланади. ЙҲХХ барча ҳайдовчилардан ташкил этилган чора-тадбирларни тўғри тушуниб, тартибга солувчиларнинг ишораларига риоя қилишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан ўтган Тахтақорача довонида автомобилни тош босиб қолгани ҳақида хабар берилганди. Cобалт автомашинасини тоғ тепалигидан сирпаниб тушган тош босиб қолган.

Довонда тоғдан улкан тош автомобилга қулаши оқибатида уч киши, жумладан, икки нафар Венгрия фуқароси ҳалок бўлган. Ўзбекистоннинг Будапештдаги элчихонаси чуқур таъзия изҳор этиб, марҳумларнинг жасадларини ватанига қайтаришда кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

30 ноябрда Тахтақорача довонида бир неча тонналик харсангтошлар парчаланиб, йўлдан олиб ташланди. ФВВ профилактика ишлари давомида довон яқинида йўлга тош тушиши хавфи бор бўлган 17 та хавфли участка аниқлади. Шундан сўнг топилган тошлар парчаланиб, йўл яқинидан олиб ташланди.