Жанубий Корея полицияси 3 декабрь куни ҳарбий ҳолат эълон қилингани муносабати билан давлатга хиёнат қилишда гумон қилинган президент Юн Сок Ёлга нисбатан тергов бошлади, деб хабар бермоқда Yonhap.

Иш икки мурожаатдан сўнг очилди: бири Кореяни тиклаш партияси (мухолифат), иккинчиси — 59 нафар фаолдан иборат гуруҳ томонидан тақдим этилган.

Шикоятларда нафақат Юн Сок Ёль, балки собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён, армия штаби бошлиғи генерал Пак Ан Су ва ички ишлар вазири Ли Сан Мин ҳам кўрсатилган.

Мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбарига ҳам текширув давомида мамлакатдан чиқиш тақиқланди, дея қайд этади Yonhap. Бир кун аввал Ким Ён Хён лавозимидан истеъфога чиқди ва ҳарбий ҳолат жорий этилиши билан боғлиқ барча воқеалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари айнан у президентга бундай қадамни қўйишни таклиф қилгани ҳақида ёзмоқда.

  • 3 декабрь куни кечқурун президент Юн Сок Ёль Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилганди. У буни конституциявий тартибни «коммунистик кучлар»дан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, у бундай чорани мамлакатни инқирозга олиб киришга уринаётган мухолифат ҳаракатлари туфайли қўллаган.
  • Парламент депутатлари президент қарорига қарши чиқиб, уни бекор қилиш учун овоз берди, шундан сўнг президент ўз фармонини қайтариб олишга рози бўлди.
  • 4 декабрь куни мухолифатдаги партиялар парламентга Юн Сок Ёль импичменти бўйича таклиф киритди. Бу бўйича овоз бериш шу жума ёки шанба куни бўлиб ўтади. Президент импичменти учун парламент депутатларининг 2/3 қисми (жами 300 ўрин) овоз бериши керак.