Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Дональд Трамп жамоаси вакиллари — Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига таклиф этилган Майк Уолтц ва Россия ҳамда Украина бўйича махсус элчи лавозимига даъвогар Кит Келлог билан учрашди. Бу ҳақда Reuters ва The Wall Street Journal хабар берди.

Reuters суҳбатдошлари Украина делегациясининг Трамп жамоаси билан учрашуви тафсилотларини очиқламади. WSJ маълумотларига кўра, муҳокамаларга сайланган вице-президент Жей Ди Вэнс ҳам қўшилган. Нашрнинг ёзишича, бундан олдин Ермак Флоридада Трамп даврида Оқ уй аппаратини бошқарадиган Сьюзи Уайлс билан ҳам учрашган.

WSJ манбаларига кўра, Ермак Трампнинг ёрдамчилари билан муносабатларни йўлга қўйиш учун Вашингтонга ташриф буюрди. Ўз навбатида, Украина «тинчликка тайёрлигини маълум қилишни режалаштирмоқда». «Аммо бу барқарор тинчлик бўлиши керак. Беқарор, вақтинчалик тинчлик АҚШ ёки Украина манфаатларига жавоб бермайди», — деди нашрнинг Киев режалари билан таниш бўлган суҳбатдоши.

Трамп жамоаси изоҳ юзасидан сўровига жавоб бермади, деб ёзади Reuters.

Киев Украинани НАТОга таклиф қилишни Владимир Зеленский томонидан таклиф қилинган «ғалаба режаси»нинг асосий бандларидан бири деб ҳисоблайди. Бироқ Дональд Трамп сайланганидан кейин Зеленский агар Киев томонидан назорат қилинадиган Украина ҳудуди «НАТО соябони остига» олинса, урушнинг «қайноқ босқичи» тугаши мумкинлигини билдирди. Шу билан бирга, у мамлакатни альянсга қисман, Киев «дипломатик йўл билан қайтаришга» интиладиган оккупация қилинган ҳудудларсиз таклиф қилиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

3−4 декабрь кунлари НАТО ташқи ишлар вазирларининг учрашуви олдидан Reuters НАТОнинг 32 аъзоси орасида Киевни иттифоққа таклиф қилиш бўйича «ҳеч қандай консенсус белгилари» йўқлигини ёзди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги Киев аъзоликка муқобил форматлардан воз кечишини маълум қилди.

Reuters хабарига кўра, ҳозирда Трамп жамоаси Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича учта асосий таклифни муҳокама қилмоқда: улар Кит Келлог, Жей Ди Вэнс ва АҚШнинг Германиядаги собиқ элчиси ва миллий разведканинг собиқ директори Ричард Гренелл томонидан берилган. Уларнинг барчаси Украинанинг яқин вақт ичида НАТОга аъзо бўлишини истисно қилади.