16 ноябрь куни Яккасарой тумани ҳокимлиги «Аския» бозори реконструкцияси лойиҳасини тақдим этди. Ҳокимият вакилларининг фикрича, савдо расталари очиқ осмон остида жойлашгани ва автотураргоҳ жойларининг етишмаслиги бозорга келувчилар учун ноқулайлик туғдиради. Бозорни модернизация қилиш зарурати шу сабабли пайдо бўлган.
Бунинг учун икки гектарга яқин майдонни эгаллаган бозор ҳудуди аукционга қўйилди. Лойиҳа доирасида 150 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Аукцион савдо 20 декабрда бошланиши белгиланган.
Реконструкциядан сўнг, бозор ўрнида савдо маркази, яшил ҳудуд ва меҳмонхонани ўз ичига олган ёпиқ «экобозор» барпо этилиши режалаштирилган. Ҳудудда 4 юлдузли меҳмонхона барпо этилади. Ҳокимлик маълумотларига кўра, янгиланган мажмуада ногиронлиги бор шахслар учун қулайликлар бўлади, велосипед йўлаклари, Wi-Fi тарқатувчи ҳудудлар, 400 ўринли автотураргоҳ пайдо бўлади. Реконструкция натижасида 1000 га яқин янги иш ўрни яратилади ва ҳудуд маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳлар учун қулайроқ бўлади.
Қурилиш даврида бозор ўз фаолиятини тўхтатмайди. «Газета.uz» бозор бозорда ишлаётган сотувчилар ва харидорлар билан мулоқот қилиб, ушбу реконструкция лойиҳаси ҳақида улар қандай фикрда экани, бозорни таъмирлаш зарурати бор ёки йўқлиги ҳамда бу ўзгаришлар шаҳарликлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатишини ўрганди.