Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюриб, бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, беш йил аввал туманда 2 минг 240 ўринли 26 та маскан бўлган. Шу даврда соҳага 2 триллион сўмдан зиёд инвестиция киритилиб, 13 мингдан кўп ўринга эга 59 та йирик туризм иншооти ишга туширилган. Асосий автомобиль йўли таъмирланиб, қўшимча йўллар қурилган.

Натижада беш йил ичида сайёҳлар сони 12 баробарга ошди — 850 мингдан 12 миллионга етди.

Чирчиқ дарёси бўйида «Чорвоқ дарвозаси» туристик мажмуаси қурилмоқда. Қарийб 25 гектар майдондаги мажмуада 16 та кўп қаватли уй, 3 та меҳмонхона, 2 та супермаркет, 60 дан зиёд савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кафе ва ресторанлар, банк офиси, аквапарк, мусиқали фаввора, автотураргоҳ бўлади.

Бинолар тепасига қуёш панеллари ўрнатилади. Дарё устида сайр учун шишали кўприк қурилади.

Мажмуа кунига 5 мингдан ортиқ кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Мавсумийлари билан бирга 2 минг 500 та иш ўрни яратилади, дейилади хабарда.

Президент хизмат турларини кўпайтириб, фаол туризмни ривожлантириш, бундай мажмуаларни бошқа туманларда ҳам лойиҳалаштириш, ҳудудда экологияга алоҳида эътибор бериш, яшилликни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

2022 йилнинг февраль ойида Туризм қўмитаси томонидан Бўстонлиқ туманини ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдим этилганди. Чирчиқ дарёси ва Чорвоқ сув омбори бўйлаб жамоат пляжлари, сайр қилиш жойлари, кузатув майдончалари, пиёда ва велоспорт йўлакларини ташкил этиш режалаштирилган эди.