Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини 8 декабрда нишонланадиган Конституция куни билан табриклади.
Давлат раҳбари бу йил ушбу байрам «сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётимизда катта ўзгаришлар амалга оширилаётган тарихий бир шароитда» ўтаётганини таъкидлади.
27 октабрда Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар натижасида «юртимизда янги вакиллик тизими шаклланди», «конституциявий ҳуқуқ ва ваколатлари кучайиб, масъулияти бир неча карра ортди», деди президент.
«Ҳокимлар бир пайтнинг ўзида маҳаллий кенгашларга ҳам раҳбарлик қилиб келган амалиётдан ушбу органларга илк бор депутатлар орасидан сайланган кенгаш раиси бошчилик қиладиган янги тизимга ўтилмоқда. Бундан ташқари, ҳокимларнинг 30 дан зиёд ваколатлари маҳаллий кенгашларга ўтказилгани ижтимоий ҳаётимизда демократия, халқпарварлик тамойиллари тобора кенг ўрин олаётганидан далолат беради», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Биз „Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир“ деган конституциявий принципга амал қилган ҳолда, парламент ва маҳаллий кенгашлар ваколатларини кенгайтириш, уларнинг фаоллигини янада ошириш, самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитларни яратиш, бир сўз билан айтганда, уларни чинакам халқ овозига айлантиришга қаратилган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз», — деди у.
Президент мамлакатда бундан буён ҳам Асосий қонунда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқлари, манфаатлари ва қадр-қимматини таъминлашнинг устувор тамойилларини ҳаётга изчил татбиқ этиш давом этишинини алоҳида таъкидлади.
«Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилинган келгуси йилга мўлжалланган Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда барча фуқароларни фаол иштирок этишга чақирди.
«Табиатни асраш — бу инсонни, келажакни асраш демакдир. Бебаҳо бойлигимиз бўлган серҳосил далаларимиз, зилол булоқларимиз, дарё ва кўлларимиз, тоғ ва адирларимизни асраб, боғу роғлар, яшил масканларни кўпайтирсак, Ўзбекистонимиз янада гўзал диёрга айланади, авлодларга биздан озод ва обод Ватан қолади», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Конституциямиз мамлакатимизда миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ислоҳотларимизнинг ортга қайтмас тус олишини таъминлашда доимо ишончли кафолат бўлиб келган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади», — таъкидлади у.
«Халқимизнинг ҳуқуқий тафаккури, хоҳиш-иродасининг ёрқин тимсоли ва амалий ифодаси бўлган асосий қонунимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бу ноёб қомуснинг ҳар бир моддаси ва қоидасини ўрганиш, уларга ҳурмат, меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлиб, тўлақонли ижро этиш барчамиз учун муқаддас бурч ва мезонга айланишини истардим», — деди президент.
«Аминманки, ана шундай юксак масъулият билан астойдил меҳнат қилиб, ислоҳотларимиз самарасини янада оширамиз ва олдимизга қўйган улуғвор мақсадларга албатта етамиз», — қайд этди давлат раҳбари.