Франция президенти Эммануэль Макрон 5 декабрь куни кечқурун Мишель Барнье ҳукуматига билдирилган ишончсизлик вотуми ва истеъфосидан сўнг халққа телекўрсатув орқали мурожаат қилди. У «яқин кунларда» янги бош вазир тайинлашга ваъда берди, деб хабар қилди Le Monde ва Reuters.
Макрон сиёсий инқироз учун жавобгарликни тан олишдан бош тортди. Унинг сўзларига кўра, ўта ўнг ва сўл партиялар ҳукуматни ағдариш учун «аксилреспублика фронти»га бирлашган. «Улар тартибсизликни танлади, — дея қўшимча қилди у. — Мен бошқаларнинг масъулиятсизлигини зиммамга олмайман».
Макрон, шунингдек, унга қаршиларнинг истеъфога чиқиш чақириқларини рад этди ва 2027 йилгача ўз лавозимида қолишини айтди. «Сиз менга берган мандат беш йилга мўлжалланган ва мен уни охиригача бажараман», — деди у.
Франция раҳбарининг таъкидлашича, янги бош вазирга «умумий манфаатларни акс эттирган ҳукуматни шакллантириш топширилади». Унинг устувор йўналиши 2025 йил учун бюджет тўғрисидаги қонунни қабул қилиш бўлади.
Аввалроқ Макрон Барньенинг истеъфосини қабул қилган, бироқ собиқ бош вазир ва унинг вазирларидан «янги ҳукумат тайинлангунга қадар жорий ишлар учун жавоб беришни» давом эттиришни сўраганди.
- 4 декабрь куни Франция Миллий мажлиси (парламент қуйи палатаси) 1962 йилдан бери биринчи марта бош вазир ҳукуматига ишончсизлик вотуми учун овоз берди. У ўз лавозимида бор-йўғи уч ой ишлади.
- Овозга ишончсизлик вотуми масаласини сўл «Янги халқ фронти» коалицияси ва ўта ўнг «Миллий бирлашув» партияси олиб чиқди. Барньенинг парламент билан келишмасдан 2025 йил учун ижтимоий суғурта бюджетини тасдиқлаш қарори бунга сабаб бўлди. Бунинг учун у Конституциянинг 49.3-моддасини қўллади, бу қонунни парламентни четлаб ўтишга имкон беради, лекин ҳукумат ишончсизлик вотумига бардош бера олсагина.
- Макрон 5 сентябрь куни 73 ёшли Барньени мамлакат бош вазири лавозимига тайинлаганди. Бундан икки ой олдин Францияда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтган. Уларда биринчи ўринни «Янги халқ фронти» сўл партиялар коалицияси эгаллаган, у Миллий мажлисда 577 ўриндан 82 ўринни олган. Иккинчи ўринни Макроннинг «Биргаликда» марказчилар коалицияси эгаллаган. Марин Ле Пен бошчилигидаги «Миллий бирлашув» бошчилигидаги ўта ўнг партиялар коалицияси 143 та ўринни қўлга киритган.