Президент Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 2,9 минг гектар майдонда «Ғелон» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.
Унда таъкидланишича, Қозон шаҳрида 2023 йил 4−6 октябрь кунлари бўлиб ўтган III ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида Россия томони («Казанские канатные дороги» компанияси ва «Гордеев» архитектура бюроси) билан дам олиш маскани лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.
2023 йил декабрь ойида Қашқадарё ҳокими Муротжон Азимов Россия томони билан учрашувда лойиҳа деталларини муҳокама қилганди. Унда мажмуа 2,6 минг гектарда жойлашиши, 8,6 км узунликдаги учта дор йўл, уч ва беш юлдузли меҳмонхоналар ва бошқа объектларни ўз ичига олиши кўзда тутилганди.
2024−2030 йиллар давомида уч босқичда амалга ошириладиган лойиҳа доирасида инвестордан қурилиш даврида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда дастлабки баҳолаш бўйича жами 300 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилади.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида «Ғелон» туристик-рекреацион зонаси дирекцияси тузилади ва ҳудуддаги ер участкаларини реализация қилишдан ва ижарага беришдан келиб тушган маблағлар ушбу дирекция ҳисобига ўтказилади.
Қарорда белгиланишича, туристик зона фаолият кўрсатиш муддатини кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилга ташкил қилинади. Тегишли ташкилотлар икки ой муддатда ҳукумут қарори лойиҳаси тузиб, уни Вазирлар маҳкамасига киритиши керак.
2025 йил 1 июнга қадар — туристик зонанинг бош режаси ва батафсил режалари лойиҳалари ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
2025 йил 1 октябрга қадар — дирекция томонидан уни ривожлантиришни назарда тутувчи мастер режа ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Бундан ташқари, ҳудуддаги ер участкалари, бино ва иншоотлар ҳамда дарахт ва буталарни тўлиқ хатловдан ўтказиш, мавжуд дарахт ва буталарни муҳофазага олишга икки ойлик муддат белгиланди. Шундан сўнг баҳоловчи ташкилотлар жалб қилиниб, ер участкалари олиб қўйилишидан аввал мулкдорларга компенсация тўловлари тўлиқ ҳажмда тўлаб берилиши керак.
Бунда ер участкалари эгаларига етказилган зарар қонунчиликда белгиланган тартибда қоплаб берилади. Туристик зона ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар учун ажратиладиган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари лойиҳа ташаббускорлари томонидан қоплаб берилади.
Инвестиция лойиҳаси доирасида, шунингдек, умумий узунлиги 33 км бўлган Ҳисорак — Ғелон, Ҳисорак — Сарчашма автомобиль йўлини икки тасмали қилиб, Чироқчи — Шўрқудуқ автомобиль йўлининг 30 км қисмини учинчи тоифадаги йўл даражасигача етказиш, Мираки — Ҳисорак автомобиль йўлини икки тасмали қилиб, учинчи тоифадаги йўл даражасигача етказиш зарур.
Туризм қўмитаси ТИВ билан биргаликда 2025 йил 1 апрелга қадар туристик зона брендини яратиб, республика ҳудудида ҳамда хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш чораларини кўради.
Эслатиб ўтамиз, президент 2024 йил июнь ойида бўлиб ўтган йиғилишда Ғелонда хорижий инвесторлар томонидан тоғ-чанғи мажмуаси қурилиши бошлангани, қишлоқда курорт инфратузилмасини яратиш учун 115 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилаётганини таъкидлаганди. Қашқадарё ҳокими Муротжон Азимовга дарҳол ишга киришиш, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси раҳбари Шуҳрат Вафаевга эса вилоятга бориб, лойиҳага ёрдам бериш топширилганди.