Президент Шавкат Мирзиёев 6 декабрь куни Бўстонлиқ туманига ташрифи чоғида «Угам-1» кичик гидроэлектр станциясини кўздан кечирди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Хабарда таъкидланишича, ГЭСлар умумий тармоққа уланмасдан ҳар бир ҳудуд ва маҳалла кесимида электр билан таъминлай олади. Олинадиган электр таннархи ҳам бошқа манбаларга нисбатан анча арзон.

Шу боис сўнгги йилларда 630 миллион долларлик инвестициялар ҳисобидан қуввати 400 мегаваттдан ортиқ янги ГЭСлар қурилиб, уларнинг умумий қуввати 2,2 гигаваттга етказилди.

Тошкент вилоятида умумий қуввати 1 минг 330 мегаватт бўлган 25 та гидроэлектр станцияси мавжуд. Бу республикамиздаги жами гидроэнергетика қувватининг 60 фоизига тенгдир. Бугунги кунда қиймати 880 миллион доллар ва қуввати 340 мегаватт бўлган яна 4 та ГЭС қурилмоқда. Шунингдек, 2028 йилгача вилоятда умумий қуввати қарийб 2 минг 400 мегаватт бўлган, 4 миллиард 800 миллион долларлик 23 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

«Угам-1» кичик ГЭСнинг қуввати 1,48 МВт бўлиб, йилига 11,8 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида ҳудуддаги Чорбоғ, Хумсон ва Угам маҳаллалардаги 5 мингта хонадон ҳамда туризм ва дам олиш масканлари узлуксиз электр энергия билан таъминланади. Йилига қарийб 4 миллион метр куб газ тежалади.

Ҳозирча Угам дарёсида ҳар бири йилига 200 миллиард сўм даромад келтирувчи иккита кичик ГЭС қурилган. Қайд этилишича, сув оқимидан такрор-такрор фойдаланиш орқали бундай станциялар сонини ўнтагача етказиш мумкин. «Бу билан нафақат энергетика масаласи ҳал бўлади, балки ҳудуд инфратузилмаси ҳам яхшиланади. Тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги корхоналари пайдо бўлади», — дейилади хабарда.

Президентга бошқа ҳудудларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Соҳага хорижий инвестиция ва хусусий секторни жалб қилиб, 2030 йилга қадар жами қувватларни 6 минг мегаваттга етказиш белгиланган. Бунинг учун ҳуқуқий, иқтисодий шароитлар яратилган. Жумладан, мамлакат бўйича икки мингтагача микро ва кичик ГЭСлар қуриш имконияти мавжуд.