Тошкент вилояти экология ва ички ишлар бошқармалари ҳамкорликда Чирчиқ дарёсида қум-шағал аралашмаларини ноқонуний қазиб олиш ҳолатини аниқлади.

Дарёнинг Қуйи Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида экологик назорат тадбирлари ўтказилган. Тадбир давомида давлат рақами ечиб олинган юклагич қум-шағал аралашмаларини юк машинасига юклаётгани маълум бўлган.

Ҳайдовчи инспекторларга норуда материалларни шу ҳудудда жойлашган «М.Г.Ф.» МЧЖга қарашли тош майдалаш цехига олиб бориб тўкаётганини айтган.

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолатда табиатга 65 миллиард 323 миллион 200 минг сўм зарар етказилган.

Қазиб олишда иштирок этган махсус техникалар жарима майдончасига вақтинча жойлаштирилди. Ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратурасига юборилди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 17 январдаги «Сув омборларида металл бўлмаган материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Чирчиқ, Сирдарё, Санзор, Зарафшон, Норин дарёлари ўзанларида металл бўлмаган материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий эълон қилинган. Экологик вазиятни яхшилаш мақсадида 1 майдан бошлаб бу Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари сувига ҳам амал қилади. Мораторий даврида ушбу фаолият оқибатида табиатга етказилган зарар учун ундириладиган суммалар 10 баробар ошади.

Аввалроқ Бош прокуратура Чирчиқ дарёсининг қўриқлаш зонасида 10 дан ортиқ тадбиркор мораторийга қарамай, ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олишда давом этаётгани ҳақида хабар берганди. Қурилиш материаллари заводи ҳам ишламоқда. БП компанияларнинг лицензиялари ҳалигача бекор қилинмаганини афсус билан қайд этган.

2022 йил июль ойида Сенат дарё ва сойлардаги қум ва шағалларни қазиш оқибатида сув ресурсларининг камайиши масаласини кўриб чиққанди. «Дарёларнинг эгаси йўқдек, сувнинг эгаси йўқдек… Дарё ўзанларини тозалаш, дарё ўзанларидан фойдали қазилмалар қазиб олишга қатъий чеклов ўрнатиш вақти келди, деб ҳисоблайман», — деганди ўшанда сенатор Рисқул Сиддиқов.

2023 йил июнь ойида экология вазири Азиз Абдуҳакимов вазирлик қурилиш мақсадларида дарё ўзанларидан шағал ва қум қазишни тақиқлаш ниятида эканини маълум қилган эди. Бунинг учун қум-шағал материалларини қазиб олишнинг янги манбаларини очиш зарур, деган у.

2024 йил 1 май куни президент фармони билан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилганди.