Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда 1 декабрь куни метрополитен ишга тушди. «Газета.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров мазкур метро тизимидан фойдаланиб, фоторепортаж тайёрлади.

Умумий қиймати 22,5 млрд долларга баҳоланган Ар-Риёд метросининг қурилиши 2014 йили бошланган бўлиб, дастлабки режа бўйича у тўрт йил ичида фойдаланишга топширилиши керак эди. Аммо, турли сабабларга кўра, унинг ишга тушиши бир неча бор кечиктирилган. У Саудия Арабистонидаги иккинчи (биринчиси — Маккадаги фақат Ҳаж мавсумида ишлайдиган метро), Араб яриморолидаги тўртинчи, араб дунёсидаги олтинчи ва Яқин Шарқдаги 15-метро тизимига айланди. Айни вақтда, у поездлари машинистсиз (тўлиқ автоматлаштирилган тарзда) ҳаракатланадиган дунёдаги энг узун метро ҳисобланади.

Лойиҳа бўйича, Ар-Риёд метроси умумий узунлиги 176 километр, жами бекатлари сони эса 85 та бўлган 6 йўналиш (линия)дан иборат.

ар-риёд, метро, саудия арабистони

2024 йилнинг 1 декабрь куни уларнинг учтаси — кўк рангли ва 24 бекатдан иборат Биринчи, сариқ рангли ва 9 бекатдан иборат Тўртинчи ҳамда бинафша рангли ва 9 бекатдан иборат Олтинчи линиялар ишга тушди. Иккинчи (қизил) ва Бешинчи (яшил) линиялар 2024 йил 15 декабрида, Учинчи (тўқ сариқ, orange) линия эса 2025 йил 5 январида иш бошлаши кутиляпти.

Ҳар бир линия учун вагонлар турли компаниялар томонидан етказиб берилган. Жумладан, Биринчи ва Иккинчи йўналишлар учун Германиянинг Siemens компанияси, Учинчи йўналиш учун Канада-Германиянинг Bombardier ва Франциянинг Alstom компаниялари, Тўртинчи, Бешинчи ва Олтинчи линиялар учун эса Alstom’нинг бир ўзи ҳаракатланувчи таркибларни ишлаб чиқарган. Эътиборга молик томони, вагонлар ўзи ҳаракатланадиган йўналишга мос рангда бўялган — бинафшаранг Олтинчи йўналишда бинафшаранг поездлар, кўк рангли Биринчи линияда эса кўк вагонлар ҳаракатланади.

Йўловчилар метро йўлига тушиб кетмаслиги учун платформаларга махсус тўсиқлар ўрнатиб чиқилган. Метро вагонлари Family (оилавий), Single (Якка) ва First (биринчи класс) тоифаларига ажратилган. Улар бир-биридан йўловчи тури ва чипта турига қараб фарқланади.

Single тоифасидаги вагонларга исталган йўловчи чиқиши мумкин. Family тоифасидаги вагонлар эса фақат фарзандлари билан кетаётганлар учун мўлжалланган (шунингдек, бундай тоифа вагонларнинг бир қисми хотин-қизларга ажратилади). Бу икки тоифадаги вагонларга чиқиш нархи бир хил — 2 соатлик чипта нархи 4 риал (тахминан 1,6 доллар), 3 кунлик чипта 20 риал (5 доллар), бир ҳафталик чипта 40 риал (10 доллар) ва бир ойлик чипта 140 риал. Худди шу чипталар билан Ар-Риёд автобусларига ҳам белгиланган вақт давомида чексиз марта чиқиш мумкин.

First тоифасидаги вагонларга чиқиш ҳуқуқини берувчи чипта эса бироз қимматроқ — икки соатлик чипта 20 риал бўлса, уч кунлиги 50, бир ҳафталиги 100 ва бир ойлиги 350 риал туради. Бунинг эвазига йўловчи жуда қулай ўриндиқларда, оёғини бемалол узатиб кетиши, энг олди ўриндиқда ўтириб, ўзини ҳайдовчидек ҳис қилиши мумкин; айрим ҳолларда бундай чипта эгаларига вагонларга киришда устуворлик ҳам берилади.


First тоифаси чипталарини ҳам, бошқа тоифа чипталарини ҳам бекатлардаги кассалардан, чипта сотувчи автоматлардан, шунингдек, Darb мобил дастури орқали сотиб олиш мумкин.

Ар-Риёд метросининг барча бекатлари кондиционерлар ёрдамида салқинлатиб турилади, ҳаммасида ҳожатхона, бепул ичимлик сув нуқталари бор. Аксарият платформаларга кўриш бўйича ногиронлиги бор шахсларга мослаб тактил плиталар ётқизилган, айрим маълумотномалар ва огоҳлантириш белгилари Брайль алифбосида ҳам берилган, ҳаракатланишга қийналадиган шахслар учун аравачалар тайёрлаб қўйилган.

ар-риёд, метро, саудия арабистони

ар-риёд, метро, саудия арабистони

Айрим бекатларнинг ташқарисида автотураргоҳлар бор (биринчи бир соати бепул, кейинги ҳар бир соат учун 2−3 доллар), бир қатор бекатларнинг ичида дўкон ва қаҳвахоналарни ҳам учратиш мумкин. Баъзи бекатлар бир неча (максимум уч) қаватли — бир қавати ер остида бўлса, бошқаси ер устида. Зинапоялардан ташқари йўловчилар қулайлиги учун эскалатор ва лифтлар ўрнатилган.



Ар-Риёд метросида сайр қиларкансиз, Саудия Арабистони пойтахтининг ажойиб манзараларига ҳам гувоҳи бўласиз.

Дурдона бекатлар: KAFD ва бошқалар

Подшоҳ Абдуллоҳ молия марказида жойлашган KAFD (King Abdullah Financial District) бекати — Ар-Риёд метросининг ҳақиқий дурдонаси.

Дунёга машҳур Zaha Hadid Architects меъморчилик бюроси томонидан лойиҳалаштирилган бекатга кираркансиз, ўзингизни транспорт тизимида эмас, балки футуристик услубда қурилган замонавий санъат музейида юргандек ҳис этасиз.

Бекат бир неча қаватдан иборат бўлиб, Ар-Риёд метросининг Биринчи йўналишидан Тўртинчи ва Олтинчи йўналишларига (ва аксинча) ўтиш бекати ҳам ҳисобланади. Унда турли савдо шохобчалари ҳам бор.

Ар-Риёд метросининг бошқа ўтиш бекатлари ҳам KAFD сингари улкан, уларни ҳам лойиҳалаштириш ва қуриш таниқли архитектура ташкилотларига ишониб топширилган. Масалан, Биринчи ва Бешинчи линияларни бирлаштирадиган «Миллий музей», Биринчи ва Иккинчи йўналишларни туташтирадиган «Олая» (Германиянинг Gerber Architekten бюроси лойиҳалаштирган), Жидда йўлидаги автовокзалга олиб борувчи «Ғарбий» бекати (Саудиянинг Omrania & Associates компанияси лойиҳалаштирган), Биринчи ва Учинчи йўналишларни боғлайдиган «Қаср ал-Ҳукм» бекати (Норвегиянинг Snøhetta бюроси лойиҳалаштирган) шулар жумласидан.

Ар-Риёд метроси аҳоли сони ва сайёҳлар оқими ўсиши фонида тирбандлик билан боғлиқ аҳволни юмшатиши, аҳолининг хусусий автотранспортга бўлган қарамлигини камайтириши, ёқилғи сарфи ва иссиқхона газлари чиқиндилари қисқартириши кутилмоқда. Пойтахт подшоҳлик комиссияси (RCRC) маълумотларига кўра, метро шаҳардаги тирбандликни 30 фоизгача камайтириши мумкин. Тизим тўлиқ ишга тушгач, кунига 3,6 млн йўловчини ташиши тахмин қилинмоқда.

Ушбу материал Экология вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси кўмагида тайёрланди.