Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили номига 2024 йил 10 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан 158 та шикоят келиб тушди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар қилди.
Шикоятларнинг 14 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар омбудсманнинг мурожаатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган. 52 таси эса ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмаган. 62 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Шунингдек, шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланилган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан ташқари, бу давр мобайнида омбудсман ва жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 774 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган. 2023 йилнинг 10 ойида ушбу кўрсаткич 468 тани ташкил этган.
Мониторинг ташрифларнинг 181 таси жазони ижро этиш колониялари, 122 таси тергов ҳибсхоналари, 128 таси вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 59 таси махсус қабулхоналар, 39 таси реабилитация қилиш марказлари, 56 таси наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиаллари, 52 таси руҳий-асаб касалликлари шифохоналари, 46 таси «Саҳоват» ва «Мурувват» уйлари, 91 таси мастлик ҳолатидагиларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ўтказилган.
Мониторинг ташрифлари давомида 9,5 мингга яқин маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ҳамда 4321 минг нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.
Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари натижасида мутасадди ва тегишли вазирлик ва идораларга 16 та талабнома, 10 та тақдимнома, 13 та хулоса ва 3 та таҳлилий ахборотлар киритилган.
Омбудсман тавсиясига кўра, 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона негизида 50 ўринли аёллар бўлинмаси очилди. Авваллари бу ерда фақатгина эркак маҳкумлар даволанган. Мазкур касалхона терапия, неврология, жарроҳлик, стоматология, диагностика, сил касалликлари каби 20 та бўлимга ва 2 та лабораторияга эга, шунингдек у ерда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилади.
Омбудсман томонидан киритилган таъсир чораларини кўриб чиқиш натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги эскирган, беморларни сақлаш ва даволашда антисанитар ҳолатга келган Наркология диспансери Нукус туманида жойлашган бўш бинога кўчирилди ва беморларга қулай шароитлар яратилган. Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё филиалидаги ошхона тўлиқ таъмирланган.
Омбудсман тавсияси асосида Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига вентиляция тизими ўрнатилиб, камералардаги шароитлар яхшиланган ҳамда чўмилиш хоналари ташкил этилди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ИИБ ВСҲда ҳам маҳбуслар учун тинтув қилиш, чўмилиш хоналари ҳамда сайргоҳ ташкил этилди ва камералар барча керакли жиҳозлар билан таъминланди.
Шу билан бирга масъул идоралар томонидан Жиззах шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳамда Дўстлик туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонаси капитал, Самарқанд вилоятидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари жорий таъмирланди. Бухородаги 4-сон тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумлар учун яқин қариндошлари билан учрашув хоналари қурилди.
Бухородаги 17-сон Жазони ижро этиш колониясининг 12-биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва маҳкумлар сақланадиган камералардаги шароитлар яхшиланди.
Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланмагани, даволанувчиларга кийим-кечак ва бошқа керакли жиҳозлар ажратилмагани ва бошқа аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Омбудсман тавсиясига асосан режа ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда.
Мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликларни бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ишловчи 56 нафар ходимга хайфсан берилди, 2 нафар ходим жаримага тортилди, 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили ва «Ҳунарманд» уюшмасининг Наманган вилояти бошқармаси билан биргаликда вилоятдаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар касб-ҳунарга ўргатилмоқда. 2024 йилнинг 10 ойлигида 180 нафардан ортиқ маҳкумлар касбга ўргатилиб, уларга сертификатлар берилди.