Жанубий Кореяда ҳукмрон «Халқ кучи» партияси етакчиси Хан Дон Хун президент Юн Сок Ёлнинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиб қўйишга чақирди, деб хабар бермоқда Yonhap.
У бундай баёнотни «янги очилган фактлар»га асосланиб берди. Бунгача сиёсатчи мухолифатнинг президентга импичмент эълон қилиш ниятига тўсқинлик қилишини айтганди. Давлат раҳбари ҳам «Халқ кучи»нинг аъзоси ҳисобланади.
«Янги очилган ҳолатларни ҳисобга олиб, Корея Республикаси ва унинг фуқаролари манфаати учун президентнинг ўз вазифаларини бажаришини тўхтатиш зарур, деб ҳисоблайман», — деди Хан парламентдаги партия раҳбарияти йиғилишида.
Ханнинг сўзларига кўра, президент ҳарбий ҳолат эълон қилгач, махсус хизматларга ҳукмрон ва мухолифат партияларининг таниқли вакилларини ҳибсга олишни буюргани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланган. У уларни «давлатга қарши кучлар» эканликда айблаган.
Хан агар Юн президент лавозимида ишлашда давом этса, бундай «радикал ҳаракатлар» такрорланиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Yonhap’нинг таъкидлашича, шу йўл билан Хан мухолифатнинг президентга импичмент эълон қилиш таклифини қўллаб-қувватлашига шама қилган бўлиши мумкин. Бу масала бўйича овоз бериш парламентнинг 7 декабрдаги йиғилишида бўлиб ўтади.
Шунингдек, Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги жума куни ҳарбий ҳолат чораларини амалга оширишда иштирок этган уч қўмондонни лавозимидан четлатганини маълум қилди.
- 3 декабрь куни кечқурун президент Юн Сок Ёль Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилганди. У буни конституциявий тартибни «коммунистик кучлар»дан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, у бундай чорани мамлакатни инқирозга олиб киришга уринаётган мухолифат ҳаракатлари туфайли қўллаган.
- Парламент депутатлари президент қарорига қарши чиқиб, уни бекор қилиш учун овоз берди, шундан сўнг президент ўз фармонини қайтариб олишга рози бўлди.
- 4 декабрь куни мухолифатдаги партиялар парламентга Юн Сок Ёль импичменти бўйича таклиф киритди. Президент импичменти учун парламент депутатларининг 2/3 қисми (жами 300 ўрин) овоз бериши керак.
- Бир кун аввал Жанубий Корея полицияси Юн Сок Ёлни давлатга хиёнатда гумон қилиб, тергов бошлагани маълум бўлди.