Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов 3 декабрь куни бўлиб ўтган семинарда қишда кўчаларни қор ва муздан тозалаш учун мўлжалланган махсус техникалар билан танишди, деб хабар қилди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Яшнобод туманида ўтказилган тадбирда қатор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Тадбир ўтказиладиган жойга шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари, шунингдек, ФВВ махсус техникалари олиб келинди ва уларнинг имкониятлари намойиш этилди.

Тайёр ҳолатга келтирилган техникаларнинг умумий сони 305 тани ташкил этди, уларнинг ҳар бири ишни самарали мувофиқлаштириш учун GPS тизими билан жиҳозланган.

Пойтахт ҳокимлигининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, техника парки қуйидагилардан иборат:

  • 80 та қор тозаловчи;
  • 12 та автокўтаргич;
  • 93 та автосамосвал;
  • 10 та қор кураш мосламали мини трактор;
  • 12 та кор кураш мосламали самосвал;
  • 24 та қум-туз сепувчи;
  • бир нечта экскаватор, канал ювиш ва ассенизация ускуналари, манипуляторлар ва вакуумли супурувчи машиналар.

тошкент, шавкат умурзоқов, энергия ресурсларини тежаш, куз-қиш мавсуми

«Тайёргарлик доирасида барча машиналар пухта техник кўрикдан ўтказилиб, замонавий қисмлар билан жиҳозланди ҳамда келгуси қиш шароитига тўлиқ тайёргарлик кўриш учун зарур чоралар кўрилди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, бу йил йўлларга қум-туз аралашмасини сепишни қисман автоматлаштириш йўлга қўйилди, илгари бу жараён тўлиқ қўлда бажарилган эди», — дейилади хабарда.

4 декабрь куни ҳам Президент администрацияси ва Бош прокуратура ташаббуси билан Тошкент шаҳрида қиш мавсумини беталофат ўтказиш, энергия ресурсларини иқтисод қилиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини олдини олиш ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган амалий семинар ўтказилганди.

Семинарда Олий таълим, фан ва инновациялар ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, «Ўзэнергоинспекция», «Иссиқлик электр станциялари», «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» корхоналари ҳамда уларнинг ҳудудий, туман бўлинмалари, бошқарув сервис компаниялари қатнашган.

тошкент, шавкат умурзоқов, энергия ресурсларини тежаш, куз-қиш мавсуми

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти профессори Абдусаид Исаков семинар иштирокчиларига пойтахтда энергия ресурсларини тежаш ва йўқотишларни камайтириш бўйича илмий асосланган тадқиқотлар ва таклифлар билан таништирган.

Семинар якунида масъул вазирлик ва идораларга энергия ресурсларидан асоссиз фойдаланишнинг олдини олиш, истеъмолчилар ўртасида профилактика тарғиботини кучайтириш, энергия исрофгарчилигининг олдини олиш чораларини кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берилган.

Аввалроқ Тошкентда электр энергияси беҳуда сарфланишига қарши рейдлар амалга оширилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Прокурорлар тадбиркорларга нисбатан маъмурий баённомалар тузиб, уларни жарима ва электр тармоғидан узиш эҳтимолидан огоҳлантирмоқда.