Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни «Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжат жамоавий спорт турларига ёшларни кенг жалб қилиш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олиш (селекция) ҳамда юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Қуйидагилар жамоавий спорт турларини (волейбол, баскетбол, гандбол, регби, чим устида хоккей, сув полоси) ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
- ёшларнинг жамоавий спорт турларига қизиқишини ошириш, уларнинг жамоавий спорт тури билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, спорт мусобақаларини тизимли ўтказиб боришни йўлга қўйиш;
- терма жамоалар ва профессионал спорт клублари учун спорт захирасини яратиш, иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш (селекция)нинг рақамлаштирилган тизимини жорий қилиш;
- тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш;
- жамоавий спорт турларини ривожлантириш мақсадида чет эллик мутахассисларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.
Қарорга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан барча давлат университетларида волейбол, баскетбол, гандбол, регби, чим устида хоккей, сув полоси жамоавий спорт турлари бўйича, бошқа давлат олий таълим муассасаларида камида 3 та жамоавий спорт турлари бўйича спорт клублари ташкил этилади.
Спорт клуби раиси этиб олий таълим муассасаси ректори (директори) тайинланади, спорт клуби менежери лавозими эса олий таълим муассасаси кафедра мудири лавозимига тенглаштирилади. Олий таълим муассасаларига ўз спорт клубларини тегишли спорт базаларига беғараз асосда жойлаштириш ҳуқуқи берилади.
2025/2026 ўқув йилидан жамоавий спорт турлари бўйича қуйидаги спорт мусобақаларини ўтказиб бориш йўлга қўйилади:
- «Мактаб лигаси»;
- «Талабалар лигаси» ва «Олий таълим кубоги»;
- «Ректор кубоги».
Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, давлат иштирокидаги тижорат банклари ва корхоналарда камида 3 та жамоавий спорт турлари бўйича спорт клублари ташкил қилинади.
Бунда жамоавий спорт турлари бўйича идоравий ташкилотлар кесимида «Раҳбар кубоги», маҳаллий ҳокимликлар кесимида «Ҳоким кубоги» мусобақалари ўтказиб борилади.
2025−2027 йилларда «ERP-sport» ягона электрон бошқарув тизимида иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш (селекция) бўйича техник имкониятлар яратилади. Бунда:
- ҳар бир жамоавий спорт тури бўйича алоҳида мезонлар ишлаб чиқилади;
- спортчиларнинг жорий жисмоний ҳолати тўғрисидаги маълумотларни «ERP-sport» ягона электрон бошқарув тизимига юклаб бориш механизми йўлга қўйилади;
- сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда тўпланган маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда спортчиларнинг жисмоний ҳолати ва имкониятларини баҳолаш тизими жорий этилади;
- жамоавий спорт турлари бўйича иқтидорли спортчи ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш (селекция) жараёни тўлиқ рақамлаштирилади;
- иқтидорли спортчи ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш бўйича (селекция) техник имкониятлар яратиш билан боғлиқ харажатлар Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳужжат билан Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари (уюшмалари)нинг МОҚ ва олимпия спорт турлари бўйича спорт федерациялари ўртасида ўзаро мажбуриятлар келишувини тузиш тизимини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.
Спорт вазирлиги томонидан ушбу қарор ва «йўл харитаси»да кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича ҳар ярим йилда бир маротаба Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилади ва бош вазир ҳузурида муҳокама қилиб борилади.