Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Анвар Алимов Республика эндокринология маркази директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Анвар Алимов 1978 йилда ҳозирги Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган. Турли йилларда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида декан, президент девонида консультант, етакчи консультант, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори каби масъул лавозимларда ишлаган. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор ҳисобланади.

Пойтахт соғлиқни сақлаш бош бошқармасига эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан Ботирбек Исабеков раҳбар этиб тайинланди. Тайинловгача бошқарманинг раҳбари ўринбосари лавозимида ишларди.

Ботирбек Исабеков 2001 йили Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтининг бакалавриат, 2003 йили Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институтининг ординатура босқичларини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Учтепа туманидаги 30-сон оилавий поликлиника ҳамда ушбу туман тиббиёт бирлашмасида бош шифокор муовини, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бошлиғи каби масъул лавозимларда ишлаган.