Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Суриядаги «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги гуруҳлар Башар Асад ҳукумати кучларига қарши ҳужум олиб бораётганига изоҳ берди. Бу ҳақда Anadolu ва CNN Turk ёзмоқда.
У қўзғолончилар Идлиб, Ҳалаб ва Ҳама шаҳарларини эгаллаб олган ҳарбий операцияни «мухолифат марши» деб таърифлади.
https://twitter.com/anadoluajansi/status/1865021230903914931?ref_src=twsrc%5Etfw%7Ctwcamp%5Etweetembed%7Ctwterm%5E1865021230903914931%7Ctwgr%5E09afb2238987692765a5474d33160872f7bb82ea%7Ctwcon%5Es1_c10&ref_url=https%3A%2F%2Fwww.aa.com.tr%2Ftr%2Fpolitika%2Fcumhurbaskani-erdogan-temennimiz-kazasiz-belasiz-bir-sekilde-suriyedeki-bu-yuruyus-devam-etsin%2F3416171
«Идлиб, Ҳама, Ҳомс ва, албатта, мақсад Дамашқ. Мухолифатнинг юриши давом этмоқда. Умид қиламизки, Суриядаги ушбу юриш муаммоларсиз давом этади», — деди Эрдоған. Туркия етакчиси, шунингдек, Сурия президенти Башар Асадга вазиятни тартибга солиш таклифи билан мурожаат қилганини, аммо «ижобий жавоб» олмаганини қўшимча қилди.
«Биз Асадга қўнғироқ қилдик. „Келинглар, Суриянинг келажагини биргаликда аниқлаймиз“, дедик. Афсуски, биз бу масала бўйича ижобий жавоб ололмадик», — деди у.
Сурия президенти Башар Асад ҳукумати қўшинларига қарши курашаётган исёнчилар 27 ноябрь куни мамлакат шимолига ҳужум бошлаганди. Орадан уч кун ўтгач, улар Ҳалабни эгаллаб олгани маълум бўлди. 5 декабрь куни исёнчилар ҳукумат қўшинларини сиқиб чиқариб, Ҳамага кирди.
Бу сўнгги тўрт йил ичидаги — 2020 йилда Асад қўшинлари ва қўзғолончи гуруҳлар Россия ва Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битим тузганидан бери — минтақадаги биринчи йирик ҳарбий можаро. 2011 йилдан бери давом этаётган Суриядаги фуқаролар урушида Россия Башар Асадни, Туркия эса мамлакат шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятини назорат қилувчи мухолифат гуруҳларини қўллаб-қувватлайди.
Суриядаги вазият
Бир кун аввал Сурия армияси яна бир йирик шаҳар Ҳамани тарк этди, бу ҳудудни ҳам «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилигидагилар эгаллаб олди.
Жума куни исёнчилар яқинлашаётгани ҳақидаги хабарлар фонида ўн минглаб одамлар мамлакатнинг учинчи йирик шаҳри Ҳомсни тарк этаётгани маълум бўлди. Видеоёзувларда йўллар автомобиллар билан тўлиб кетганини кўриш мумкин. Исёнчиларнинг Ҳомсдан кейинги манзили Дамашқ бўлади.
Ҳозирда Дамашқ марказида вазият барқарор, ҳеч қандай тўқнашув ва портлашлар йўқ, деб ёзди РИА Новости. Аввалроқ тармоқларда Сурия пойтахти марказидаги майдон узра тутун кўтарилгани ва SAR қуролли кучлари бош штаби ҳудудида портлаш содир бўлгани акс этган видеолар пайдо бўлганди.
Дамашқда вазият мутлақо тинч, майдонда портлаш оқибатлари кўринмайди, қуролли тўқнашувлар аломатлари йўқ, деб ёзди нашр.
«Газета.uz» аввалроқ Сурияда нималар бўлаётгани ҳақида Meduza тайёрлаган материалнинг таржимасини ҳавола этганди.