Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширади. Бу бўйича Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида телефон орқали мулоқотда келишувга эришилди дея хабар бермоқда «Turkmenistan bu gun» давлат ахборот агентлиги.
Бердимуҳамедов ва Мирзиёев туркман табиий газини Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини оширишга келишиб олди, шунингдек, яқин келажакда амалга оширилиши режалаштирилган қўшма газ лойиҳаларининг катта истиқболи мавжудлиги қайд этилди, дейилади хабарда.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида газ етказиб берилиши масаласи бўйича маълумот берилмаган, бироқ йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 млрд доллардан ошгани (унинг асосий улуши газ етказиб бериш ҳисобига тўғри келади) таъкидланган.
Бундан ташқари, Туркманбоши порти орқали юк ташиш ҳажми ортиб бораётгани, «Шовот — Тошовуз» чегара зонаси қурилиши давом этаётгани хабар қилинган.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон етакчисини мамлакатда 12 декабрь куни нишонланадиган бетарафлик куни билан табриклади.
Октябрь ойи охирида Туркманистон ва Россия компаниялари Туркманистон газини етказиб бериш бўйича шартномани янгиламагани маълум бўлди. Бунга томонлар нарх масаласида келишолмагани сабаб бўлган. Ўшанда «Туркмангаз» бошқаруви раиси Мақсад Бабаев Туркманистонда бўшаган экспорт ҳажми учун харидорлар мавжудлигини таъкидлаганди.
2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон илк бор учинчи томон (Россия «Газпром»и) иштирокисиз Туркманистон билан 1,5 млрд куб метр газ етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри қисқа муддатли шартнома имзолаганди. 2023 йилнинг август ойида Ўзбекистон Туркманистон билан йилига 2 млрд куб метргача туркман газини етказиб бериш юзасидан яна шартнома тузди. Томонлар, шунингдек, узоқроқ муддатли ва етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришни назарда тутувчи узоқ муддатли шартномани ҳам ишлаб чиққанди.
Эслатиб ўтамиз, йил бошидан буён Ўзбекистонга 1 млрд 360 млн долларлик газ импорт қилинган. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, бу 2023 йилнинг 10 ойидаги кўрсаткичдан 2,4 баробар кўп.
2023 йил октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Қозоғистон ҳудуди орқали тескари йўналишда Россиядан газ импорт қилмоқда. Аввалроқ мамлакатда Россиядан газ импорти ҳажмини ошириш учун магистраль газ тизими модернизациясига 500 млн доллар сармоя киритиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.