«Ўзавтосаноат» аксиядорлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Розикулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида пайшанба куни президентга кўрсатилган тақдимотдан сўнг автомобилсозлик саноатини ривожлантириш режалари билан таништирди.
Унинг сўзларига кўра, маҳаллийлаштириш дастури доирасида компания томонидан мамлакат ҳудудларидаги 1299 та корхона имкониятларини ўрганиш бўйича 16 ишчи гуруҳи тузилган. Натижада 162 миллион долларлик бир йилда 700 тага яқин импорт ўрнини босувчи бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга тайёр 79 та корхона танлаб олинган.
Розикуловнинг айтишича, бундай ишлар автомобилсозлик саноатида импорт ҳажмини сезиларли даражада камайтиради. Маҳаллийлаштиришни тарғиб қилиш маркази ҳам асосий маҳсулотларни хомашё ва материаллар кўринишида маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганмоқда.
«Ўзавтосаноат» йилига 300 миллион долларлик металл буюмлар, шунингдек, электротехника маҳсулотлари, аралашма (полимер таркиби, сополимерлар ва эритмалар аралашмаси), синтетик мато, сунъий чарм импорт қилувчи йирик корхона ҳисобланади.
Шу муносабат билан компания «ишончлироқ шерик бўлиш ва буни амалга оширишни хоҳловчи хусусий корхоналар ўртасида ишончни шакллантириш» мақсадида хусусий етказиб берувчилар билан offtake шартномаларини (корхонанинг ишлаб чиқарилмаган маҳсулотларини қайтариб сотиб олиш бўйича шартнома) тузишга тайёрлигини билдирди.
«Маҳаллий корхоналар билан ишлаш бу импортни йилига ўртача 500 миллион долларга қисқартириш имкониятини яратади», — дея қўшимча қилди Улуғбек Розуқулов.
Президент билан учрашувда соҳада ишлаб чиқариш таннархини камайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди — бу кўрсаткични 2,5 триллион сўмга камайтириш режалаштирилган, деди у.
Корхона раҳбарининг айтишича, президент иш ўринлари яратиш бўйича топшириқлар берган. «Автосаноат нафақат маҳсулот ишлаб чиқарадиган, балки мамлакатда иш ўринлари тизимини яратувчи соҳа бўлиши керак. Агар аввал тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки маҳаллийлаштириш корхоналаридаги иш ўринлари ҳақида гапирган бўлсак, бугун президент топшириғига кўра ёндашув ўзгарди. Биз, жумладан, ҳудудларда хизмат кўрсатиш тизимини яратишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак, деб ҳисоблаймиз ва бу [иш ўринлари яратиш] имкониятларимизни оширади», — деди «Ўзавтосаноат» раҳбари.
Улуғбек Розикулов мазкур дастурда 2030 йилгача автомобилсозлик саноатига бевосита ва билвосита боғлиқ бўлган 1 миллион иш ўрни яратиш кўзда тутилганини таъкидлади.
Автомобиль бозоридаги ишлаб чиқариш ва истеъмол таркибидаги ўзгаришлар шароитида компания 2030 йилгача бўлган стратегияни ишлаб чиқиш учун Boston Consulting Group (BCG) халқаро маслаҳатчисини ёллади.
«1, 2 ой ичида улар билан стратегия [ишлаб чиқиш] якунланади. Ҳар иккала корхонамизнинг хатти-ҳаракатлари ва давлат, банклар, ишлаб чиқарувчилар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ва корхоналарни янада ривожлантириш учун бизга қандай шарт-шароитлар зарурлиги билан боғлиқ ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами ҳақида алоҳида маълумот берамиз. Хусусан, савдо тизимини модернизация қилиш зарур», — деди у.
«Ўзавтосаноат» раҳбари автомобилсозлик соҳасида ҳали фойдаланилмаётган катта имкониятлар ва захиралар мавжудлигини таъкидлади.
«Бу захира ва салоҳиятдан фойдаланиш бўйича олдимизда вазифалар катта. Шунча йилдан бери давлат қўллаб-қувватлаб келмоқда, албатта, давлат ривожланишида ўзимизнинг салмоғимизни кўпайтириш нуқтаи назаридан вазифалар қўйилган», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 5 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда президентга Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш бўйича такомиллаштирилган чора-тадбирлар тақдим этилди. Шавкат Мирзиёев мамлакат ЖСТга аъзо бўлгандан кейин рақобат кучайиши ҳисобига маҳсулот сифати ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш устида ишлаш зарурлигини таъкидлади.