Тошкент шаҳрида 1 январдан автобус салонларида йўл ҳақини нақд пулда тўлаш тақиқланади.

«Тошшахартрансхизмат»нинг хабар қилишича, нақд пул орқали автобусларда йўл ҳақини тўловчилар бекатларда ва улар яқинида ўрнатилган барча тўлов қурилмалари, яъни Paynet, MultiPay ва Oson инфокиосклари орқали бир марталик чипта харид қилиши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда автобусларда йўл ҳақи учун нақд тўлов 2000 сўмдан 3000 сўмгача оширилади. Нақдсиз тўловда нарх ўзгармай, 1700 сўм бўлиб қолади.

Фото: «Тошшахартрансхизмат»Фото: «Тошшахартрансхизмат»

Айни пайтда шаҳар жамоат транспортида бир нечта нақд пулсиз тўлов усуллари мавжуд:

  • АТТО транспорт ва виртуал карталари;
  • ATTO мобил иловаси билан NFC орқали;
  • QR-коддан фойдаланган ҳолда Click, UzumPay, MyUzcard, Alif иловалари;
  • Uzcard, Humo, MasterCard, Visa, UnionPay контактсиз банк карталари орқали.

«Бундан кўзланган мақсад — йўл ҳақи тўловида шаффофликни таъминлаш, ҳайдовчининг нақд пул қабул қилишдаги вақтини, оралиқ бекатларда йўловчиларнинг автобусга чиқиш ва тушиш вақтини тежаш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини оширишдир. Зеро ҳайдовчи нақд пул орқали тўловни қабул қилиш учун сарфлайдиган вақти қанча кам бўлса, автобус шунча тезроқ йўналишида ҳаракатини давом эттиради. Шунингдек, энг асосий ва муҳим мақсад эса — ҳайдовчининг молиявий боғлиқлигини камайтирган ҳолда бор эътиборини хавфсиз бошқарувга йўналтиришдан иборат», — дейилганди «Тошшахартрансхизмат» хабарида.