Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига сенатор сўрови юборди, дея хабар қилди Сенат.

Келтирилишича, cурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекаётган ва алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг субсидия олиши билан боғлиқ жараёнларда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қатор вазифалар юклатилган.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти, шунингдек, бошқа ташкилотлар ҳамда экспертлар ҳамкорлигида «Ипотека кредити бўйича давлат субсидияларини беришдаги инсофсизлик хавфларини баҳолаш» бўйича ўтказилган тадқиқот натижасида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада ҳали ҳам ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги маълум бўлган.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарорида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекаётган ва алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахслар рўйхатини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқлаш ҳамда жамоатчиликка эълон қилиш белгиланган, бироқ мазкур рўйхатни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ишлари якунига етказилмаган.

Ҳудудий тиббиёт муассасаларига беморларнинг сурункали касалликлари ҳақидаги маълумотларни электрон тарзда кузатиб бориш ва маълумотларни янгилаш имкониятини яратиш лозим бўлса-да, беморларнинг касаллик тарихини рақамлаштиришга етарли эътибор қаратилмаган.

«Ушбу ҳолатлар фуқароларнинг адолатли эътирозларига, жумладан оғир сурункали касалликка чалинган шахсларнинг субсидия олиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келишига ва давлат органлари ҳамда ташкилотларига мурожаатлари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Олий Мажлис Сенатига 2024 йилнинг 10 ойи давомида уй-жой масаласида 1137 та мурожаат келиб тушгани бундан дарак беради», — дейилади Сенат хабарида.

Оғир сурункали касалликни бошидан ўтказаётган фуқароларнинг бу борадаги муаммоларини бартараф этишга қаратилган зарур чора-тадбирлар хусусида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига сенатор сўрови юборилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўтарилган масалалар бўйича ўз режалари ҳақида 2024 йилнинг 17 декабрига қадар асослантирилган тушунтиришлар бериши назарда тутилмоқда.