Сурия собиқ президенти Башар Асад оиласи билан Россияга учиб келди. Бу ҳақда ТАСС нашри Кремлдаги манбасига таяниб хабар берди.
«Асад оиласи аъзолари билан Москвага келди. Россия инсонпарварлик нуқтаи назаридан уларга бошпана берди», — деди агентлик суҳбатдоши.
Манбанинг таъкидлашича, Россия ҳукумати БМТ шафелигида Сурияни тартибга солиш бўйича музокараларни қайта тиклаш зарур деб ҳисоблайди. Шунингдек, Сурия қуролли мухолифати раҳбарлари Россиянинг Сурия ҳудудидаги ҳарбий базалари ва дипломатик муассасалари хавфсизлигини кафолатлагани ҳақида ҳам хабар берилди.
Аввалроқ Сурия президенти самолёт ҳалокатида қурбон бўлган бўлиши эҳтимоли юқори, деб ёзганди Reuters. Ил-76 самолёти Россия авиация ва денгиз базалари жойлашган ҳудуд томон йўналган, аммо радардан ғойиб бўлган, деб таъкидлаганди нашр.
Суриядаги вазият
8 декабрга ўтар кечаси қуролли исёнчи гуруҳлар Сурия пойтахти Дамашққа бостириб кирди ва президент Башар Асад режимини ағдарганини эълон қилди. У мамлакатни 24 йил, оиласи эса 1971 йилдан бери бошқариб келаётганди.
Сурия бош вазири Муҳаммад Ғози ал-Жалолий Дамашқда қолишини ва ҳокимиятни «топшириш» учун ҳар қандай чора кўришга тайёрлигини маълум қилди. Бунга жавобан «Ҳаят Таҳрир аш-Шом» етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жулоний ҳокимият расман ўтказилгунга қадар Дамашқдаги давлат идоралари бош вазир назорати остида қолишини айтди.
Асаднинг ҳукмронлиги тугагани маълум бўлгач, Дамашқнинг асосий майдонларида ғалабани нишонлаш учун минглаб аҳоли тўпланди. Улар Сурия инқилобий байроғини ҳилпиратган, баъзилари эса осмонга ўқ узган, деб ёзади AP.
Асаднинг Президент саройи ва баъзи давлат идоралари талон-торож қилинди. Исёнчилар, шунингдек, Дамашқ чеккасидаги Седная қамоқхонасида сақланаётган одамларни озод қилганликларини, у ерда минглаб одамлар қийноққа солингани ва ўлдирилганини билдирди.