Сурия армияси қўмондонлиги якшанба куни офицерларни президент Башар Асаднинг 24 йиллик авторитар бошқаруви тугагани ҳақида хабардор қилди, Асад эса Дамашқни номаълум йўналишда тарк этди, деб хабар берди Reuters ўз манбаларига таяниб.

Қайд этилишича, Дамашқ «Энди Асаддан холи» деб айтган суриялик исёнчилар давлат телевидениесида Сурия халқига биринчи баёнотини эълон қилиши кутилмоқда.

CNN ҳам Асаднинг 7 декабрь оқшоми ҳолатига кўра қаердалиги номаълум экани, манбалар Дамашқда «уни топиш мумкин бўлган жойларнинг биронтасида ҳам йўқ» эканини маълум қилгани ҳақида ёзди.

Президент гвардияси, телеканал манбасига кўра, Асад яшайдиган жойда йўқ эди. Гвардиячилар, қоида тариқасида, Сурия президентига ҳамроҳлик қилади, шу жумладан, сафарлар пайтида ҳам. Асад қароргоҳида гвардиянинг йўқлиги унинг шаҳардан чиқиб кетганига билвосита далил бўла олади, дейди CNN.

Аввалроқ The Wall Street Journal манбаларга таяниб, Асаднинг рафиқаси ва фарзандлари Москвада, куёви эса БААда экани ҳақида хабар берганди.

Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази (SOHR) Дамашқ аэропортидан учган хусусий самолёт, эҳтимол, Асадни олиб кетганини маълум қилди. Мониторинг гуруҳининг маълумотларига кўра, аэропортда бўлган ҳукумат қўшинлари у учиб кетганидан кейин эвакуация қилинган.

Сурия ҳукумати исёнчиларнинг Дамашққа бостириб кириши ҳақидаги хабарларга ҳозирча изоҳ бермади, деб ёзмоқда BBC.

Гувоҳларнинг айтишича, минглаб одамлар автомобилларда ва пиёда Дамашқнинг асосий майдонига тўпланиб, ярим аср давом этган Асад оиласи ҳукмронлигидан қутулгани учун «Озодлик»ни куйламоқда, деб таъкидлади Reuters.

Шунингдек, Ҳомсда Башар Асаднинг отаси, собиқ президент (1971−2000) Ҳофиз Асад ҳайкали бузиб ташланди.

Драматик қулаш Яқин Шарқ учун сейсмик момент бўлиб, оиланинг Сурия устидан ҳукмронлигига чек қўйди ва минтақанинг марказида асосий иттифоқчисини йўқотган Россия ва Эронга катта зарба берди, деб қўшимча қилди агентлик.

«Биз асирларимизнинг озод этилгани ҳамда Седная қамоқхонасидаги адолатсизлик даври тугагани ҳақидаги хабарни Сурия халқи билан биргаликда олқишлаймиз», — деди исёнчилар Дамашқ чеккасидаги Сурия ҳукумати минглаб одамларни ҳибсга олган катта ҳарбий қамоқхонага ишора қилиб.

АҚШ президенти Жо Байден ва унинг жамоаси «Суриядаги фавқулодда воқеалар»ни кузатиб борди ва минтақавий ҳамкорлар билан мулоқотда бўлди, дея Оқ уйдан иқтибос келтирди Reuters.

Сурия бош вазири ҳокимиятни топширишга тайёр

Суриянинг хориждаги асосий мухолифат гуруҳи раҳбари, суриялик Ҳади ал-Баҳро Дамашқ энди «Башар ал-Ассадсиз» эканини эълон қилди.

Бош вазир Муҳаммад Ғози ал-Жалолий Сурия халқи томонидан танланган ҳар қандай раҳбарият билан ҳамкорлик қилишга ва ҳокимиятни «топшириш» учун ҳар қандай чора кўришга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар берди Саудиянинг Al Arabiya телеканали.

«Бу мамлакат нормал мамлакат, ўз қўшнилари ва бутун дунё билан яхши муносабатлар ўрнатадиган мамлакат бўлиши мумкин, аммо бу масалани Сурия халқи томонидан сайланган ҳар қандай раҳбарият ҳал қилиши керак. Биз барча шароитларни яратиб бериш учун у билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди ҳукумат раҳбари.

У «Сурия давлатининг барча институтларини» сақлаб қолишга чақирди ва давлат ишларини бошқаришни давом эттиришни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Шу билан бирга, ал-Жалолий унга ҳеч қандай лавозим ва имтиёзлар керак эмаслигини таъкидлади ҳамда ўз уйида эканини ва уни тарк этиш ниятида эмаслигини билдирди.

AFP агентлиги исёнчилар етакчисига таяниб, Дамашқдаги давлат идоралари ҳокимият расман ўтказилгунга қадар бош вазир назорати остида қолишини маълум қилди.

Қуролли гуруҳлар Башар Асад кучларига қарши кенг кўламли ҳужумни 2024 йил ноябрь ойи охирида бошлаган. 7 декабрь оқшомига келиб, Асаднинг рақиблари Ҳалаб, Ҳама, Ҳомс, Дайр аз-Зор, Дорани эгаллаб, Дамашқдан бир неча километр узоқликда эди.