3 декабрь куни Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль ҳарбий ҳолат эълон қилди ва буни конституциявий тартибни ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади. Қарор фуқаролар орасида норозилик ва шокка сабаб бўлди. Орадан 2,5 соат ўтгач, парламент ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз берди. Мухолифат президент импичменти учун ҳаракатга киришди.

5 декабрь куни президентга нисбатан тергов бошланди, бир кундан сўнг ҳукмрон партия давлат раҳбарининг истеъфосини қўллаб-қувватлади. 7 декабрь куни импичмент масаласи бўйича овоз беришдан бир неча соат олдин президент миллатга мурожаат қилиб, «дилхунлик» туфайли шундай қилганини айтди ва ўз қарори учун узр сўради. Овоз бериш жараёнида парламентда импичмент эълон қилиш учун етарли овоз йиғилмади. Шу кунларда Сеул марказида оммавий намойишлар бўлиб ўтди, бу намойишлар мамлакат фуқароларининг бирдамлиги билан бутун дунёни ҳайратда қолдирди.

Сеулда импичмент бўйича овоз беришдан олдинги намойиш. Фото: Yonhap.Сеулда импичмент бўйича овоз беришдан олдинги намойиш. Фото: Yonhap.

Корея Республикаси ўқиш ва ишлаш учун Ўзбекистон фуқаролари танлайдиган манзиллар орасида машҳурларидан биридир. «Газета.uz» ушбу мамлакатдаги ватандошлар билан суҳбатлашиб, содир бўлаётган воқеалар уларнинг ҳаётига таъсир қилган-қилмагани билан қизиқди.

Сеулда тўрт йил яшаган ўзбекистонлик талаба Дониёрнинг сўзларига кўра, ҳарбий ҳолат жорий этилиши унинг одатий турмуш тарзига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. Бу жамият ва ҳукумат, жумладан, президент ўртасидаги узоқ давом этган зиддиятнинг бир қисми, холос, деди у.

Ҳукумат ва президентнинг тиббиёт олий ўқув юртларига квоталарни ошириш тўғрисидаги таклифига қарши чиққан шифокорларнинг февралдаги иш ташлаши жамиятга кўпроқ таъсир кўрсатди, деди Дониёр. Ўшанда унинг қизига шошилинч тиббий ёрдам керак бўлган, аммо минглаб шифокорлар норозилик туфайли ишга чиқмаган ва Жанубий Кореянинг бир қатор тиббиёт муассасалари қизил даражадаги тревогани эълон қилган.

«Бир куни кечқурун қизимиз йиқилиб тушиб, иягини синдириб олди. Унга пластик жарроҳлик амалиёти зарур эди. Шифохонадаги шошилинч ёрдам марказида бундай жарроҳлик операцияси шошилинч эмаслиги — 24 соат ичида амалга оширилиши мумкинлиги, пластик жарроҳлар эса норозилик белгиси сифатида тунда ишламаслигини айтиб, рад жавобини беришди. 119 хизмати (шошилинч ёрдам қўнғироқ маркази) узоқ вақт бизга госпиталь топишга ҳаракат қилди, лекин яқинроқдаги клиникалардан бирортаси бизни қабул қилмади. Хирург қабулига ёзилиш учун эрталабгача кутишга тўғри келди», — деди у.

«Газета.uz» суҳбатдошининг қўшимча қилишича, 5 декабрь куни бутун мамлакат бўйлаб темирйўлчилар касаба уюшмаси, 6 декабрь куни эса Сеул метроси ходимларининг иш ташлаши режалаштирилган эди. Улар иш ҳақини ошириш ва президентнинг истеъфосини талаб қилган.

Ушбу ҳаракатлар ҳарбий ҳолат жорий этилишидан олдин эълон қилинган, бу ҳам жамият ва ижро ҳокимияти ўртасидаги зиддиятнинг узоқ давом этганидан далолат беради, деди Дониёр.

The Korea Times газетасининг ёзишича, метро ходимларининг иш ташлаши сўнгги лаҳзаларда бартараф этилган. Сеул метрополитени 6 декабрь куни эрталаб учта касаба уюшмасининг ҳар бири билан келишувга эришди. Шартноманинг асосий бандлари иш ҳақини 2,5 фоизга ошириш ва 630 га яқин янги ходимни ёллашни ўз ичига олади. Темирйўлчилар касаба уюшмаси Корея миллий темирйўл корпорацияси билан келишувга эриша олмади.

Шанба куни кечқурун кўча камерасидан олинган сурат. Парламент олдидаги кўча (унинг биноси — орқа планда).Шанба куни кечқурун кўча камерасидан олинган сурат. Парламент олдидаги кўча (унинг биноси — орқа планда).

Дониёр президент қарори ва унинг истеъфога чиқиши учун нафақат мухолифатдаги депутатлар, балки ҳукмрон партия вакиллари, диний ташкилотлар, талабалар, шунингдек, турли ассоциациялар: ҳуқуқшунослар, адвокатлар, журналистлар ҳам қарши чиққанини таъкидлади.

«Президент қарорига ҳатто Сеул мэри ҳам қарши чиқди. Биз (ўзбекистонликлар — таҳр.) учун бунга ишониш қийин, лекин мэрни халқ сайлаган ва у халқ олдида жавобгар», — деди Дониёр.

Корея Республикасида ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақида маълумот пайдо бўлгач, унга ўзбекистонлик дўстлари, ҳамкасблари ва қариндошлари ёзишни бошлаган. Улар Сеулдаги зирҳли техникалар билан боғлиқ суратлардан кўпроқ хавотирда бўлган, улар тармоқда фаол тарқалди. Кейинроқ улар фейк бўлиб чиқди.

Дониёрнинг айтишича, унинг кўплаб ўзбекистонлик танишлари Россия Telegram каналларидан янгиликлар олишади. Унинг фикрича, бу каналлар ўз изоҳлари билан вазиятни янада кескинлаштириб юборган.

«Ҳаммаси тинчлик билан тугаганида, уларнинг баъзилари ҳатто ҳафсаласи пир бўлган оҳангда постлар ҳам ёзди, чунки уларнинг тушунчасига кўра, армия ва полиция ҳар доим халқни эмас, президентни ҳимоя қилиши керак», — деди у.

Намойишчилар ҳарбий ҳолат эълон қилинган куннинг эртасига эрталаб парламент олдида тўпланди. Фото: «Газета.uz».Намойишчилар ҳарбий ҳолат эълон қилинган куннинг эртасига эрталаб парламент олдида тўпланди. Фото: «Газета.uz».

Тошкентлик корейс миллатига мансуб Яков Головлёв Корея Республикасига 2,5 йил олдин келган. Ҳозир у сўнгги воқеалар маркази бўлган Сеулдан 2−3 соатлик масофада жойлашган Кёнжу шаҳрида яшайди ва болалар касалхонасида таржимон бўлиб ишлайди.

«Ҳаммаси кутилмаганда содир бўлди. Мен Сеулдан узоқда, мамлакатнинг бошқа қисмида яшайман ва бу шаҳримизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Одамлар шунчаки ишга кетди, ҳаммаси одатдагидек эди. Агар ҳарбий ҳолат жорий этилиши ва норозилик намойишлари туфайли мен учун қайғураётган қариндошларим ва дўстларим ёзишни бошламаганларида, ҳатто бу воқеалар ҳақида билмаган бўлардим. Ҳарбий ҳолат кундалик ҳаётга унчалик таъсир қилмади», — деди у.

Унинг таъкидлашича, Корея Республикаси демократик мамлакат бўлиб, бу ердаги одамлар ўз норозиликларини эркин ифода этишлари: иш ҳақини оширишни талаб қилишлари ёки янги қонун лойиҳасига қарши норозилик билдиришлари мумкин.

«Президентнинг, жамиятдаги кайфиятга қараганда, шундоқ ҳам обрўси баланд эмасди, шунинг учун, менимча, у ўз лавозимини тарк этишга мажбур бўлади», — дея қўшимча қилди у.

Хорижликлар, Яковнинг сўзларига кўра, хавотирланмаса ҳам бўлади — мамлакатни исталган вақтда тарк этишлари мумкин, фавқулодда вазият юзага келганда эса ўз фуқароларини эвакуация қилишга мамлакатлар элчихоналари кўмаклашади.

Воқеалар Сеулда содир бўлгани ҳақида отаси 2012 йилдан бери Корея Республикасига вақти-вақти билан бориб-келадиган талаба А.Л. ҳам гапириб берди. Ҳозирда эркак Сеулдан 82 км узоқликда жойлашган Чонан шаҳрида яшайди ва заводда бригада бошлиғи бўлиб ишлайди.

«Мен отамга тун бўйи ёздим, лекин у ухлаб ётарди. Отам уйғонганида ҳарбий ҳолат жорий этилганидан ҳатто бехабар эди. У [ўз шаҳридаги] ҳеч нарса ўзгармаганини айтди — ҳаммаси Сеулда содир бўлган. Эртаси куни у шунчаки ишга кетди, ҳеч қандай дам олиш куни беришмади», — деди А.Л.

Талабанинг ўзи Ўзбекистонда бўлиб, тун бўйи янгиликларни кузатиб, вазиятни кузатиб борган.

«Мен умуман ухламадим, эрталаб соат 6 га яқин, президент алоқага чиққани ва ҳарбий ҳолат бекор қилингани маълум бўлгач, хотиржам ухлагани ётдим. Дадам Кореяда ёлғиз. Мен қандайдир ёрдам бера олишим даргумон», — дея қўшимча қилди у.

Намойишчилар ҳарбий ҳолат эълон қилинган куннинг эртасига эрталаб парламент олдида. Фото: «Газета.uz».Намойишчилар ҳарбий ҳолат эълон қилинган куннинг эртасига эрталаб парламент олдида. Фото: «Газета.uz».

Декабрь воқеалари 2024 йил август ойида Тошкентдан кўчиб борган Сеулдаги Ихва аёллар университети талабаси М.А. учун жиддий синов бўлди. Унинг ётоқхонада бирга яшайдиган мўғулистонлик дугонаси намойишларга гувоҳ бўлган.

«Қўшним ўша куни ишда эди. У уйига қайтаётганида, асосий кўчалар ёпилган, ҳамма жойда тартибсизлик». Миллий мажлис (парламент) олдида аҳоли йиғилиб, махсус кучларни бинога киритмасликка ҳаракат қилди. Дугонаси ётоқхонага қандай қайтиб келиб қолганини эслай олмайди.

Иккала қиз ҳам қўрқув ва хавотирда, чунки вазият ёмонлашса, мамлакатни тарк этиш қийинлашиши мумкин эди. М.А. парламентга яқин жойлашган кўчалардан узоқроқ юришга ҳаракат қилишини таъкидлайди.

«Менинг бирдан-бир йўлим ётоқхонани тарк этмаслик эди. Чет эллик сифатида митингларда иштирок этиш жиддий оқибатларга, ҳатто депортацияга олиб келиши мумкинлигини тушунардим», — деб тушунтиради у.

Шу билан бирга, М.А. корейс депутатларининг жасоратидан ҳайратда қолган. «Кеч бўлишига қарамай, улар қўриқчилар орқали [парламентга] кириб олишди», — деди қиз.

Талабанинг қўшимча қилишича, Корея Республикаси учун хос бўлмаган ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақида аҳолига хабар берилмаган.

«Бу ерда ҳар қандай фавқулодда вазиятларда, ҳатто қор ёққанда ҳам, одатда телефон орқали хабар берилади. Бу ерда эса ҳарбий ҳолат жорий этилди, лекин ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмади. Биз ҳаммасини жонли эфирдаги янгиликлардан билиб олдик», — дея қўшимча қилди у.

Унинг сўзларига кўра, эртаси куни шаҳарда норозилик намойишлари давом этган, аммо аҳоли учун иш куни ўзгаришсиз қолган. Ресторанда смена асосида ишлайдиган дугонаси дам олишга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, бутун Сеул бўйлаб ўрнатилган кўча кузатув камералари ўтган кунлар давомида тўғридан-тўғри трансляцияни узмасдан давом эттирди. Бу намойишларнинг кўламини, уларнинг қандай ташкил этилганини, шунингдек, вақти-вақти билан намойишчилар юриши учун ҳаракатни чеклаб қўйган полициянинг мувофиқлаштирилган ишини баҳолаш имконини беради.