8 декабрга ўтар кечаси қуролли исёнчи гуруҳлар Сурия пойтахти Дамашққа бостириб кирди ва президент Башар Асад режимини ағдарганини эълон қилди, деб хабар бермоқда Al Jazeera. У мамлакатни 24 йил, оиласи эса 1971 йилдан бери бошқариб келаётганди.
Асад Дамашқдан номаълум йўналишда самолётда учиб кетди, деб хабар берди Reuters`га икки юқори мартабали армия офицери. Россия ТИВ ҳам Асад мамлакатни тарк этгани ҳақида хабар берди. «Асаднинг Сурия ҳудудидаги бир қатор қуролли можаро иштирокчилари билан музокаралари натижасида у президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилди ва ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш бўйича кўрсатма бериб, мамлакатни тарк этди. Россия ушбу музокараларда иштирок этмаган», — дейилади Россия ТИВ хабарида.
Сурия бош вазири Муҳаммад Ғози ал-Жалолий Дамашқда қолишини ва ҳокимиятни «топшириш» учун ҳар қандай чора кўришга тайёрлигини маълум қилди. Бунга жавобан «Ҳаят Таҳрир аш-Шом» етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жулоний ҳокимият расман ўтказилгунга қадар Дамашқдаги давлат идоралари бош вазир назорати остида қолишини айтди.
Асаднинг ҳукмронлиги тугагани маълум бўлгач, Дамашқнинг асосий майдонларида ғалабани нишонлаш учун минглаб аҳоли тўпланди. Улар Сурия инқилобий байроғини ҳилпиратган, баъзилари эса осмонга ўқ узган, деб ёзади AP.
Асаднинг Президент саройи ва баъзи давлат идоралари талон-торож қилинди.
Исёнчилар, шунингдек, Дамашқ чеккасидаги Седная қамоқхонасида сақланаётган одамларни озод қилганликларини, у ерда минглаб одамлар қийноққа солингани ва ўлдирилганини билдирди.
Жаҳонда Асад режимининг ағдарилишига муносабат
Франция президенти Эммануэль Макрон: «Варвар давлат қулади. Ниҳоят. Мен Сурия халқига, унинг жасорати ва сабр-тоқатига таҳсин айтмоқчиман. Ушбу ноаниқ лаҳзада мен уларга тинчлик, эркинлик ва бирлик тилайман».
Германия канцлери Олаф Шольц: «Башар Асад одамларни қаттиқ эзган. Сон-саноқсиз одамларнинг ҳаёти унинг бўйнида, у жуда кўп одамларни қочишга мажбур қилган, бу одамларнинг кўпчилиги Германияга келган».
Туркия ТИВ: «Сурия сурияликлар ўз мамлакатининг келажагини белгилайдиган босқичга етди ва бугун умид пайдо бўлди. Сурияда янги маъмуриятни ҳамманинг иштироки асосида тузиш керак, қасос олиш истаги бўлмаслиги керак. Террорчи ташкилотлар мавжуд вазиятдан фойдаланиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Янги Сурия қўшнилари учун хавф туғдирмаслиги, у таҳдидларни бартараф этиши керак».
Ўз навбатида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған қўзғолончилар Идлиб, Ҳалаб ва Ҳама шаҳарларини эгаллаб олган ҳарбий операцияни «мухолифат марши» деб таърифлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Сурия бўйича махсус вакили: «Бугунги кун деярли 14 йил давомида урушни бошдан кечирган мамлакат, деярли 14 йил давомида тинимсиз азоб-уқубатлар ва таърифлаб бўлмайдиган йўқотишларни бошдан кечирган миллат — Сурия тарихида бурилиш нуқтасини англатади. Ушбу қайғули боб чуқур чандиқларни қолдирди, аммо бугун биз янги боб — барча сурияликлар учун тинчлик, ярашиш, қадр-қиммат ва умумий иштирокнинг очилишини эҳтиёткорлик билан кутамиз».
Оқ уй: Президент Байден ва унинг жамоаси Суриядаги фавқулодда вазиятларни диққат билан кузатиб бормоқда ва минтақавий ҳамкорлар билан доимий алоқада.
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп: «Асад энди йўқ. У ўз мамлакатидан қочиб кетди. Унинг ҳимоячиси — Владимир Путин бошчилигидаги Россия энди уни ҳимоя қилишдан манфаатдор эмас».
Эрон ТИВ: Суриянинг тақдири ва келажагини фақат Сурия халқи белгилайди. Суриянинг тақдирини ўзи белгилаш ва келажаги ҳақида қарор қабул қилиш фақат Сурия халқининг масъулияти бўлиб, бузғунчи аралашув ёки хорижий мажбурлашларсиз амалга оширилади.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу: «Эрон қаршилик ўқининг асосий бўғини бўлган Асаднинг қулаши тарихий кун ва Исроилнинг „Ҳизбуллоҳ“ ва Эронга берган зарбаларининг бевосита натижасидир. Биз ҳеч қандай душман кучининг чегараларимизда ўрнашиб олишига йўл қўймаймиз».