«Ўзгидромет» синоптиклари 8−11 декабрь кунлари шимолий совуқ нам ҳаво оқимлари ва унинг ортидан антициклон жараёни кириб келиш кутилмаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг сезиларли пасайиб кетиши ҳақида тезкор гидрометеорологик ахборот эълон қилди.
«Ўзгидромет» ахборотига кўра, 8−11 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво массалари кириб келиши ортидан, жойларда ҳаво ҳарорати кечалари −5…−10 даража совуққача, кундузи −0…−5 даража совуққача, шимолда кечалари −8…−13 даража совуққача, кундузи −2…−7 даража совуққача пасайиши мумкин.
8 декабрь куни айрим жойларда шамол тезлиги сониясига 13−18 метргача кучайиши мумкин. Шу куни, «Ўзгидромет»нинг бошқа бир қисқа муддатли об-ҳаво прогнозига кўра, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида кучсиз қор ёғиши мумкин.
Яъни, яқин кунларда Ўзбекистон аҳолиси ва тармоқлар жорий қиш мавсумида биринчи марта аномал совуқлик муҳитига жуда яқин бўлган об-ҳавонинг кескин ўзгаришларига гувоҳи бўлади. Мамлакатнинг аксарият қисмида ҳаво ҳароратининг тунги минимуми -10 даражагача, шимолий ҳудудлар ва тоғларда −13…−18 даражагача пасайиши, кундузи эса ноль даражадан паст кузатилиши, биринчи навбатда, энергетика тармоқлари ва кишилар саломатлигига таъсир кўрсатиши мумкин.
Аммо ушбу совуқлик тўлқини тармоқларга катта юклама бўлиб тушмайди. Биринчидан, у республиканинг катта қисмида узоқ давом этадиган аномал совуқликни тақдим этмайди. Иккинчидан, жорий совуқлик тўлқини минтақа ҳавонинг кескин совиши жараёнига сезиларли мослашиб олган даврида кириб келмоқда.
Шунга қарамай, мазкур тўрт кунлик совуқлик тўлқинининг кишилар саломатлиги, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалик тармоқларига таъсири, унинг салбий оқибатларини камайтириш бўйича айрим тавсияларни бўлишишни лозим топдик.
Соғлиқни сақлаш тармоғига таъсирлар
Совуқлик тўлқинининг фаол босқичида (9−11 декабрь кунлари) атмосфера босимининг кескин кўтарилиши рўй беради. Прогнозларга кўра, у 9−10 декабрда шимолда 1045 гПа, Тошкент шаҳрида эса 1043 гПагача етади.
Юқори атмосфера босими аҳоли соғлиғига, айниқса, аллергик, астматик ҳамда қон босими хасталиклари билан оғриётган кишиларга сезиларли таъсир қилиши мумкин. Атмосфера босими кўтарилган вақтда ташқи муҳитда узоқ қолиб кетиш оғир оқибатларга олиб келиши, ҳатто изғирин совуқ вақти ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Антицилонал жараённи инсон саломатлигига таъсири олдини олишда олдинги материаллардаги тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ.
8 декабрь куни совуқ ҳаво оқимининг минтақага кириб келиши фронтолди кучли шамоллар билан бирга кузатилади. Бу вақтда ҳудудларда қисқа вақт ичида атмосфера босимининг кескин ўзгариши, яъни «барик тубсизлик» ҳодисаси содир бўлади. Бу ҳодиса қон босими ўзгаришидан азият чекувчи беморлар саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Ушбу ҳодиса ва унинг салбий оқибатларини камайтиришда олдинги материал орқали танишишингиз мумкин.
Бу кунларда нафақат ҳаво ҳароратининг тушиши, балки айрим жойларда — антициклоннинг чуқур таъсири, шарқий шамоллар фонида — қуруқ ҳавода ҳароратни ҳис қилиш даражасининг кескин пасайиши ҳодисаси ҳам кузатилади. Бу фанда «биоиқлимий шароитлар» ибораси билан, яъни турли об-ҳаво ўзгарувчилари (шамол тезлиги, ҳаво намлиги, қуёш ёғдуси ва ҳарорат) шароитида об-ҳавони «ҳис қилиш» тушунчаси билан тушунтирилади. Жорий совуқлик тўлқини минтақамизнинг айрим ҳудудларида аҳолининг очиқ ҳавода кучли совуқлик стрессларига дуч келишига сабаб бўлиши мумкин.
Масалан, хорижий об-ҳаво марказларининг оператив прогностик об-ҳаво моделларига кўра, минтақага совуқлик энг кучли таъсир этадиган 10 декабрь куни тонгги соат 8:00 да шимолий ва чўл ҳудудларда «кучли совуқлик стресслари» кузатилиши прогноз қилинган. Шунингдек, аҳоли кўп истиқомат қилувчи ҳудудлар кесимида Самарқанд ва Жиззах вилоятлари аҳолиси совуқликни Фарғона водийси ва Тошкент вилоятида яшовчилардан кўра кучлироқ ҳис қилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда қишда ҳарорат кескин пасайганида кишиларда қуйидаги ўзгариш ва касалликлар кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган:
- қаттиқ совуқда кўпинча қон томирларининг кескин торайиши;
- гипертония, бош мия қон томирлари атеросклерози, инсульт ва инфарктдан кейинги ҳолат, стенокардия каби касалликлар билан оғриган беморларда бош ва юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилиши;
- бронх ва ўпка хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалинган беморларда касалликнинг фаол давридаги асоратлар зўрайиши;
- бронхиал астмага чалинган беморлар уйдан ташқи муҳитга чиққанда бронхоспазм ёки стенокардиянинг хуруж қилиш хавфи ортиши;
- аномал совуқ тери ва буйрак касаллиги бор беморларнинг умумий ҳолати ёмонлашуви.
ССВ гипотермия ва совуқдан ҳимояланиш бўйича қуйидаги тавсияларни берган:
- совуқ қотишнинг олдини олиш учун кўчага чиққанда иссиқ ва қалин кийимлар кийиш. Бунда, қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим. Айниқса, бош ва йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш талаб этилади. Сабаби бўйиндаги томирлар инсон бош миясини қон билан таъминлайди;
- кучли совуқликда алкоголь ва тамаки истеъмол қилишни камайтириш;
- кўчага чиқишдан аввал терига ёғли кремларни қўллаш. Чунки қаттиқ совуқ ҳаво инсон терисини ҳаддан ташқари қуритиб юборади;
- совуқ кунларда тонгда, албатта, нонушта қилиш. Оч қолиш тананинг тез музлаши ва иммунитет заифлашишига сабаб бўлади. Истеъмол қилинадиган таомлар калорияси иссиқ кунларга нисбатан 25−30 фоизга оширилиши мақсадга мувофиқ. Бунда, иссиқ ва суюқ овқатлар жуда фойдали.
Бошқа соғлиқни сақлаш тармоқларида аҳолига ташқи муҳитнинг таъсирининг салбий оқибатларини камайтиришда маслаҳатлар улашувчи халқаро тузилмалар берган тавсияларига кўра (1, 2):
- ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетиши билан боғлиқ касалликлар (гипотермия, тошма, қон босими кўтарилиши) бўйича хабардорликни ошириш;
- дорихоналарда антигрипп ва вирусга қарши дори-дармонлар захирасини таъминлаш;
- тез тиббий ёрдам тайёргарлигини ошириш;
Энергетика тармоқларига таъсирлар
Совуқ об-ҳаво уй-жой комунал хўжалиги, электр энергияси тармоқларида юкламанинг ортишига, газ қувурларида газ босими кескин пасайишига сабаб бўлади. Антициклонал омил электр симларига жиддий таъсир этиб, уларда электр энергиясининг кичик қийматда йўқотилишига олиб келади.
Сўнгги йиллар қишда суткалик ҳароратнинг иқлимий меъёрдан 4−5 даража пасайиши энергетика тармоқларига жиддий зарба бериб, ҳар сафар шундай совуқлик тўлқинларида энерготармоқнинг барча йўналишларида муаммолар кўриниб қолмоқда.
Эҳтимолий совуқлик тўлқинлари кузатиладиган 8−11 декабрь кунлари Ўзбекистонда электр энергияси ресурслари билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштиришда барча электр станцияларида кунига камида 260 млн кВт·соат ток ишлаб чиқариши керак. Масалан, 2024 йил 27 февралида Ўзбекистонда ҳозир кутилаётганига ўхшаш совуқлик муҳити кузатилган, ўшанда кунига жами 240 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса-да, бу мамлакатнинг электр энергиясига бўлган талабини қондирмаган эди.
Жорий совуқлик тўлқини газ қувурларидаги босимнинг кескин пасайишига, газ-заправкаларда навбатлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Кўплаб ҳудудларда газ-заправкалар фаолиятига вақтинча чекловлар киритилиши мумкин.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Лолазор» подкастидаги чиқишида 2024/2025 йилги куз-қиш мавсуми учун мавжуд иккита ерости газ обморига жами 5,1 млрд кубометр газ «қамалгани» ҳақида маълумот берган эди. Қишнинг айни совуқ кунларида Энергетика вазирлиги айнан шу ерости газ омборларида тўпланган газ захирасини ишга солиши лозим. Айниқса, табиий газ истеъмоли жуда юқори Фарғона водийсидаги Хўжаобод ерости газ омборидаги 0,78 км куб газни тармоқларга етказиш чоралари кўрилиши керак.
Тавсиялар. Бундан ташқари, энергетика тармоқларининг совуқлик муҳитига тайёр туриши бўйича бошқа тавсияларни ҳам бериш мумкин:
- қувурлар ва трансформаторларни музлашдан ҳимоя қилувчи махсус изоляция тизимларини текшириш;
- электр истеъмоли кўп бўладиган вақтларда тармоқда электр энергия барқарорлигини таъминлаш учун захира электр станцияларини тайёрлаш;
- табиий газ таъминотини барқарор таъминлаш учун қувурларни доимий равишда текшириш;
- электр энергия талабини мониторинг қилиш ва аварияларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича режаларни амалга ошириш;
- эҳтимолий авариявий ҳолатлардан аҳолини хабардор қилиш.
Қишлоқ хўжалиги тармоқларига таъсирлар
Кутилаётган жорий совуқлик тўлқини дала экинларига сезиларли салбий таъсир кўрсатмайди. Чунки кўплаб экинлар айни дамда қишки «тиним даври»га кириб бўлди. Жорий совуқлик тўлқини айниқса кузги буғдой ривожи учун айни муддао. Масалан, тупроқнинг чуқурроқ музлаши келгуси суғориш даври учун қурт-қумурсқалар хавфини камайтиради.
Айни вақтда, жорий совуқлик тўлқини иссиқхоналар фаолиятини оғирлаштиради. Шунингдек, токзорчилик ва анорчилик йўналишида сифатли ўралмаган ток ва анорларни совуқ уриши мумкин.
Тавсиялар:
- иссиқхоналардаги ҳароратни мунтазам назорат қилиш ва қўшимча иситиш тизимларини ишга тушириш;
- очиқ майдонлардаги экинларни совуқ уришидан ҳимоя қилиш учун геотекстил ёки мулча каби материаллар билан ёпиш;
- кеч экилган, айниқса, 1−2 барг ҳолатида бўлган ғалла майдонларига чириган маҳаллий ўғит (гўнг) сепиш;
- электр энергияси бўйича чекловлар бўлишини инобатга олиб, насос агрегатлари ва лоток тармоқлари музлаб ёрилишининг олдини олиш учун улардан фойдаланишни вақтинча тўхтатиш;
- чорва учун қўшимча иссиқ жойларни ташкил этиш;
- совуқда ҳайвонларда энергия сарфи ошишини инобатга олиб, қўшимча ем-хашак захирасини тайёрлаш.
Турли фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш
Совуқлик тўлқинлари таъсирида уйларни қўлбола печкалар ёрдамида иситиш ҳолатлар кўпайиши, бундай печкаларнинг дудбуронларидаги муаммолар сабаб аҳолининг ис газидан заҳарланиши ҳолатлари юз бериши мумкин. Шу боис Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари аҳолининг ис газидан заҳарланишининг олдини олиш чораларини кўриши, фаол тарғибот ишларини олиб бориши керак.
Қирғизистоннинг «Электр станциялари» компанияси эълон қилган маълумотга кўра, 6 декабрь ҳолатига Тўхтағул сув омборидадан Норин дарёсига секундига 706 метр куб сув чиқариляпти. «Қирғизгидромет» 8−11 декабрь кунлари Қирғизистонда ҳам қаттиқ совуқ бўлиши, ҳаво ҳарорати тоғларда −22…−27 даражагача, баъзи жойларда -35 даражагача пасайишини маълум қилган. Бундай вазиятда Қирғизистон ҳукумати электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш чораларини кўриши, хусусан, Тўхтағул ГЭСнинг барча гидроагрегатларини тўлиқ ишга тушириш учун сув омборидан Норин дарёсига секундига 800−900, эҳтимол, 1000 метр кубгача сув ташлашни бошлаши мумкин.
Норин дарёси Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан ҳам оқиб ўтиши инобатга олинса, ушбу даврда дарё сувга тўлиб оқишини тахмин қилиш мумкин. Дарёда сув ҳажми кўпайиши оқибатида унинг қирғоқларига босим ортиши мумкин. Шу боис Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмалари Норин дарёсининг Наманган вилоятидан оқиб ўтувчи қирғоқларидаги вазиятдан куну тун хабардор бўлиши тавсия этилади.
Умуман олганда, кутилаётган жорий совуқлик тўлқини 2023 йил январидаги аномал совуқ даражасидан анча юмшоқ, шундай бўлса-да, тармоқлар унинг салбий оқибатларини камайтиришда юқорида санаб ўтилган тавсиялар асосида иш кўрса, иқтисодий йўқотишларнинг бирмунча олди олинган бўларди.