Президент Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни аҳолини талаб юқори касбларга ўқитиш ва даромадли иш билан таъминлаш чора-тадбирлари бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари Ташқи ишлар вазирлигига Буюк Британия, Германия, Канада, Словакия, Австралия, Янги Зеландия каби мамлакатларда ўқиш ва малака ошириш, замонавий корхоналарда ишлаш истагида бўлган фуқароларга енгиллик бўлиши учун виза тартибини соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўришни топширди.

work and travel, алишер саъдуллаев, виза режими, ёшлар, тив, шавкат мирзиёев

Ривожланган давлатларда талабалар учун Work and Travel (иш ва саёҳат) каби кўплаб дастурлар бор. Хусусан, ўзбекистонлик ёшлар таътил вақтида чет элга бориб, ҳам билим олаяпти, ҳам даромад топаяпти. Бу дастурлардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида, 2025 йилдан Ёшлар ишлари агентлиги томонидан талабаларнинг йўлкира харажатлари учун ссуда (қайтариладиган маблағлар) ажратиш йўлга қўйилиши айтилди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, бу дастурда иштирок этиш истагида бўлган, лекин йўл ҳаражатлари учун маблағи етарли бўлмаган ёшлар учун яхши имкониятдир.

«Кўпчилик талабаларнинг ушбу дастурлар учун маблағлари бўлмаслиги мумкинлигини ҳисобга олиб, биз уларга ссуда берамиз. Одатда, бундай дастурларни тугатгандан сўнг кўплаб талабалар яхши даромад билан қайтиб келишади, бу уларга қарзларини тўлаш имконини беради. Айни пайтда биз тизимни давлат хизматлари портали билан интеграциялаш ва жараённи тўлиқ рақамлаштиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу борадаги ишлар давом этмоқда ва вазиятдан келиб чиқиб келгусида алоҳида регламент ишлаб чиқилиши мумкин», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда аксарият талабалар Work and Travel дастурларида мустақил равишда қатнашади ва кўпчиликда ташкилий муаммолар бор.

«Масалан, ҳужжатларни расмийлаштириш ёки таълим муассасасидан рухсат олиш. Агар бу жараёнларни рақамлаштира олсак, кўп сонли талабалар қонуний ва ишончли дастурлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади», — дея қўшимча қилди Саъдуллаев.

Бундан ташқари, президент чет элда меҳнат қилаётган фуқаролар билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг кўпроқ ойлик олишига шароит яратиш ҳамда ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш лозимлигини қайд этди.