Uzbekistan Airways талабалар учун барча маҳаллий авиақатновлар эконом-класс авиачипталари тарифларига 50 фоизгача чегирма эълон қилди.
Компания ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу чегирма давлат муассасасида ўқишни тасдиқловчи ҳужжат асосида талабаларга тақдим этилади.
Чегирма 2024 йил 23 декабрдан бошлаб 2025 йил 7 январига қадар амалга ошириладиган авиақатновлар учун амал қилади, дейилади хабарда.
50 фоизгача бўлган чегирмали авиачипталарни Тошкентдаги Uzbekistan Airways Sales филиалида, унинг агентларидан ва booking.uzairways.com сайтида харид қилиш мумкин.
Компанияга кўра, йўловчи ташиш тарифларига қўшимча равишда турли солиқлар, йиғимлар ва тўловлар ҳам ўрнатилади. Уларга 50 фоизгача тақдим этиладиган чегирма амал қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ва январь ойларида Тошкент ва Самарқандни боғловчи «Афросиёб» электропоездининг қўшимча ҳаракати йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Ҳафтанинг жума, шанба ва якшанба кунлари ҳаракатланувчи Самарқанд — Тошкент Йўловчи — Самарқанд 775/776-сонли электропоезд 15−31 декабрь ҳамда 2025 йилнинг 3−12 январь саналарида қўшимча қатновни амалга оширади.