Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» (ЎзТМК) бўлинмаси Ўзбекистонда камёб металларни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича 34 та лойиҳани амалга оширмоқда. Бу ҳақда корхона раҳбари ўринбосари Улуғбек Рўзиев сешанба куни очилган «Ўзбекистон ва Марказий Осиё тоғ-кон саноати» халқаро конгрессида маълум қилди.

Комбинат маълумотларига кўра, корхона литий, вольфрам, тантал, ниобий, графит ва бошқа камёб металларнинг янги конларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган 17 та лойиҳани амалга оширмоқда.

Саккизта лойиҳа нодир металларни қайта ишлаш учун махсус технологияларни ишлаб чиқишга, олтитаси геологик картография, биокимёвий ва геофизик маълумотларни умумлаштиришга, яна учтаси қўшимча металлар ва нодир элементлардан фойдаланишга йўналтирилган.

Улуғбек Рўзиевнинг қўшимча қилишича, 2030 йилга келиб комбинат ишлаб чиқаришни, хусусан, молибден маҳсулотларини қиймат жиҳатидан 3,4 баробар, вольфрам маҳсулотларини эса 50 баробар кўпайтиришни режалаштирмоқда.

Апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга хорижий эксперт ва инвесторлар иштирокида камёб металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича 500 млн долларлик истиқболли лойиҳалар дастурини шакллантиришни топширганди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида муҳим хомашё соҳасида барқарор қиймат занжирларини ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Ҳужжат ўта муҳим хомашёни ишлаб чиқариш, молиялаштириш ва етказиб бериш инфратузилмасини яратишда томонларнинг ҳамкорлигини назарда тутади. Сентябрь ойида АҚШ билан ҳам шундай меморандум имзоланган.