Суриядаги вазиятни ёритаётган, халқаро террористик ташкилот аъзоси ўзбекистонлик Худоёр Нуриддинов қидирувга берилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Абу Валид номи билан фаолият юритувчи Нуриддинов 1994 йилда Фарғонанинг Риштон туманида туғилган. У 2016 йилда Россияга ишлаш учун кетиб, шу ерда террорчилик ташкилоти ғояларига берилган.

У шундан сўнг Суриянинг Идлиб шаҳрига кетган. У ердан туриб олиб борган тарғибот ишлари оқибатида бир қанча ўзбекистонликлар жангларда иштирок этиб, ҳалок бўлган, дейилади вазирлик эълон қилган видеороликда.

Ҳозирда 30 ёшли эркакка нисбатан Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Жиноят кодексининг 4 та моддаси, жумладан:

  • 155-модда прим-2 (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш);
  • 159-модда (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш);
  • 223-модда (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш);
  • 244-модда прим-2 (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан жиноий иш очилган.

Xабарга кўра, айни вақтда Нуриддинов интернет орқали ўзининг жиноий қилмишларига диний тус берган ҳолда жиҳодга чорловларни давом эттирмоқда. У томондан юритилаётган саҳифалар Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган ва унинг иштирокидаги видеотасвирларни сақлаш, олиб юриш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.