Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) делегацияси илк бор Европа Иттифоқининг имтиёзлар тизимини амалга ошириш масалалари бўйича ишчи гуруҳи (GSP+) йиғилишида иштирок этди. Тадбир 4−5 декабрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтди.

Ўзбекистон томони 2021 йилда GSP+ бенефициар мақомини олганидан буён амалга оширилган ишлар натижаларини тақдим этди. Ушбу давр мобайнида ЕИга экспорт қарийб уч бараварга ошиб, 1,15 миллиард долларга етган. Шунингдек, 6200 дан ортиқ имтиёзли товар туридан 1100 га яқин маҳсулот, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, электротехника ва кимё маҳсулотлари учун барқарор экспорт йўлга қўйилган.

Ўзбекистон делегацияси GSP+ доирасида имтиёзли товарлар рўйхатини янги узилган мевалар ва сабзавотлар билан кенгайтиришни таклиф қилди. Шунингдек, мавсумий экспорт квоталарини қайта кўриб чиқиб, уларнинг муддатини узайтиришни тавсия этди. Бу маҳсулотлар етказиб бериш барқарорлигини таъминлаб, Европа бозорида ўзбек товарларининг рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.

Фото: ИССВ.Фото: ИССВ.

Бундан ташқари, ИССВ вакиллари эришилган натижаларни мустаҳкамлаш ва ЕИ билан узоқ муддатли иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун GSP+ имтиёзли режими амал қилиш муддатини яна 10 йилга узайтириш таклифи билан чиқди (у ҳозирда 2027 йил 31 декабргача амал қилади).

Еврокомиссиянинг савдо ва халқаро ҳамкорлик департаментлари раҳбарлари билан учрашувлар чоғида ўзбек товарларининг Европа бозорига кириш шартларини яхшилаш масалалари, жумладан, прокатланган металл маҳсулотлари учун импорт квоталарини қайта кўриб чиқиш ва ўзбек маҳсулотларини Европа стандартларига мослаштириш учун ЕИ томонидан техник кўмак жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

GSP+ — Европа Иттифоқи томонидан тақдим этиладиган Умумий имтиёзлар тизими (GSP)нинг кенгайтирилган кўриниши. У ривожланаётган давлатларда барқарор тараққиётга ёрдам бериш ва камбағалликни камайтириш мақсадида уларнинг маҳсулотларини ЕИ бозорига киришини енгиллаштириш учун ишлаб чиқилган савдо тизимидир.