Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов гидроэнергетика соҳасидаги имкониятлардан фойдаланмаслик хиёнат бўлишини айтди.

Унга кўра, мамлакатда гидроэнергетика салоҳиятидан фойдаланиш дастури ишлаб чиқилмоқда.

«Буни аҳамияти, энг аввало, мавжуд ресурсдан унумли фойдаланиш. Мана ҳозир кўриб турганимиз кичик ГЭС, Угам дарёси, сув шундоқ ҳам барибир оқиб кетарди. Ва муҳимлиги бу — айрим ГЭС турларидан кўра, бу йил бўйи ишлайдиган ГЭС», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувига берган интервьюсида.

гэс, жўрабек мирзамаҳмудов, шавкат мирзиёев

Жўрабек Мирзамаҳмудов узоқ масофалардан йирик электр тармоқларини ётқизиш ўрнига ҳудуднинг мавжуд имкониятларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан фойдали эканини таъкидлади. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, кичик ГЭСлар қурилиши маҳаллий объектларни электр энергияси билан барқарор таъминлашга ва тармоқдаги йўқотишларни камайтиришга олиб келади.

Президент топшириғига кўра, Ўзбекистон ҳудудларида кичик ва микро ГЭСлар қуриш дастури ишлаб чиқилмоқда.

«Ирригация каналлари, бошқа кўп ерлар бетонлаштириляпти ва бетонлашганда сув оқими тезлиги кўпаяди. Албатта, ундан фойдаланмаслик хиёнат ҳам ҳисобланади. Шунинг учун алоҳида дастур қилиб, бу йўналишларда республика бўйича ўрганишлар олиб борилди. Ҳозирги кунгача 2000 га яқин бундан ҳам кичик ГЭС қуриш имкониятлари ўрганилди. Навоий вилоятига президентимиз ташрифи чоғида иккита маҳаллий корхона билан гаплашилиб, ҳозир ўша ишлаб чиқарувчилар ўзи 100 фоиз маҳаллийлаштирилган кичик ГЭСлар ишлаб чиқариш бўйича ишларни олиб боришяпти», — деди у.

Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраевнинг айтишича, дастлаб 1000 та микро ГЭС қуриш учун истиқболли объектлар аниқланган, бироқ танқидлардан кейин уларнинг сони 2000 тага етказилган. Унинг сўзларига кўра, уларнинг қурилиши аллақачон бошланган

Айни пайтда Угам дарёсида ҳар бири йилига 200 миллиард сўмлик даромад келтирувчи иккита кичик ГЭС қурилган. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур иншоотни бориб кўрар экан, сув оқимидан қайта фойдаланиш орқали бундай станциялар сонини 10 тага етказиш мумкинлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ва «Ўзбекгидроэнерго» раҳбари Абдуғани Сангинов. Фото: президент матбуот хизмати.Шавкат Мирзиёев ва «Ўзбекгидроэнерго» раҳбари Абдуғани Сангинов. Фото: президент матбуот хизмати.

«Мен буни ташкил қилганимда, ҳеч ким ишонмасди-ку, йўқ эди бундай нарсалар. Кичкинагина тўғон. Йўқ жойдан пул. 200 миллиард бир йилга. Бу биттаси. Ўнта бўлса, 2 триллион [сўм]. Ким беради бизга [бунча пулни]?» — деди давлат раҳбари.

«Ўзбекгидроэнерго» бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов президентга 2025 йилда 11 та янги лойиҳа, жумладан, умумий қуввати 225 МВт бўлган, 1,2 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган 10 та ГЭСни амалга ошириш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Тошкент вилоятида умумий қуввати 1330 МВт бўлган 25 та ГЭС фаолият кўрсатмоқда, бу эса республика умумий гидроэнергетика қувватининг 60 фоизини ташкил қилади. Айни пайтда умумий қуввати 340 МВт, қиймати 880 миллион доллар бўлган яна тўртта ГЭС қурилмоқда. 2028 йилга қадар умумий қуввати қарийб 2400 МВт бўлган 4,8 миллиард долларлик 23 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. «Угам-1» кичик ГЭСнинг қуввати 1,48 МВт бўлиб, йилига 11,8 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.