10 декабрь куни Россия Давлат думаси мигрантларнинг рус тилини билмайдиган фарзандларини мактабга қабул қилишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

«Умумтаълим ташкилотларига қабул қилишда боланинг Россия Федерацияси ҳудудида бўлишининг қонунийлигини, шунингдек, унинг рус тилини билиш даражасини текшириш мажбуриятини олиш таклиф этилади», — деб ёзди Володин.

Унинг сўзларига кўра, танланма кузатув маълумотлари шуни кўрсатдики, ўқув йили бошида мигрант болаларнинг 41 фоизида «рус тилини билиш билан боғлиқ қийинчиликлар» мавжуд.

Қонун лойиҳаси 11 декабрда иккинчи ва учинчи ўқишда устувор тартибда кўриб чиқилиши режалаштирилган, дея қўшимча қилди Володин. Қабул қилингандан сўнг у 2025 йил 1 апрелдан кучга кириши керак.

Қонун лойиҳаси якуний маъқулланган тақдирда, «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 78-моддасига ўзгартиришлар киритилади. Лойиҳага кўра, ўқишга кириш учун мигрантларнинг фарзандлари тест синовларидан муваффақиятли ўтиши керак, дея аниқлик киритди РБК. Уни ўтказиш тартибини Россия Таълим вазирлиги белгилайди.

Россия Давлат думаси вице-спикери ва қонун лойиҳаси муаллифи Ирина Ярованинг таъкидлашича, агар бола тестдан ўта олмаса, ота-оналар бола тилни яхши билганидан кейингина мактабга ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Унинг сўзларига кўра, бундай уринишлар сони чекланмаган.

Қонун лойиҳасида Россия мактабларида таълим олаётган мигрантлар фарзандларининг аниқ сони кўрсатилмаган, дея қайд этади РБК. Нашр иқтибос келтирган Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг Амалий иқтисодий тадқиқотлар институти тадқиқотига кўра, 2023 йилда уларнинг сони 181,5 минг кишига баҳоланган.

  • Сентябрь ойида Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин меҳнат муҳожирларига ўз оилаларини мамлакатга олиб келишни тақиқловчи қонун лойиҳаси тайёрланаётганини маълум қилганди.
  • 1 декабрдан Россияда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан мамлакатга киришда биометрик маълумотларни топшириш бўйича эксперимент бошланди.