Янги йил байрами муносабати билан республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар учун поезд чипталарига чегирма эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Ўзтемирйўлйўловчи» матбуот хизмати.
Чегирма 23 декабрдан 10 январгача маҳаллий йўналишдаги қатновлар учун амал қилади. Бунда йўловчи поездларининг темирйўл ҳужжатининг тўлиқ қийматидан 50% чегирма (SV/VIP класс вагонларидан ва юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездларидан ташқари) тақдим этилади.
Чипталарни сотиб олиш учун талабалар паспорт билан темирйўл кассаларига ташриф буюриши ёки электрон тарзда чипта харид қилишда eticket.railway.uz сайтидан фойдаланиши мумкин.
Аввалроқ Uzbekistan Airways ҳам талабалар учун барча маҳаллий авиақатновларнинг эконом-класс авиачипталари тарифларига 50 фоизгача чегирма эълон қилгани ҳақида ёзгандик.
Эслатиб ўтамиз, ОТМ талабалари ва техникум, касб-ҳунар мактаби, академик лицейлар ўқувчилари 25 декабрдан қишки таътилга чиқади. Дарслар 8 январдан бошланади.