Муҳаммад ал-Башир суриялик исёнчилар томонидан ташкил этилган Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинланди, деб хабар бермоқда Al Jazeera.
У 2025 йилнинг 1 мартигача Сурия бош вазири вазифасини бажаради.
Илгари ал-Башир 2017 йилда «Ҳаят Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) гуруҳи томонидан тузилган Сурия мухолифатига муқобил ҳукумат — исёнчи Нажот ҳукуматини бошқарган. Тузилма фуқаролар уруши даврида ҲТШ томонидан босиб олинган Идлиб вилоятини назорат қилган.
Ноябрь ойи охирида Сурияда ҳукумат кучларига қарши кечган ҳужум бошида айнан ҲТШ турганди. 8 декабрга ўтар кечаси исёнчилар Сурия пойтахти Дамашққа бостириб кириб, президент Башар Асад режими ағдарилганини эълон қилди. У мамлакатни 24 йил, оиласи эса 1971 йилдан бери бошқариб келаётганди.
Асаднинг ўзи мамлакатни тарк этиб, оила аъзолари билан бирга Россиядан бошпана олди.