Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборот халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Бир қатор халқаро оператив прогностик об-ҳаво моделлари 8 декабрь куни Марказий Осиёдан булутлар тўлиқ чекинаётганини тасдиқловчи космик тасвирларни узатди. Бу билан ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистонга қуруқ ва жуда совуқ ҳароратни тақдим этувчи кенг масштабли антициклон чуқур таъсир этиши ойдинлашади.

Манба: Windy.comМанба: Windy.com

Совуқ антициклон Ўзбекистонга душанба ва сешанба кунлари чуқур таъсир этса, чоршанбада аста-секин чекиниш фонида ҳарорат бирмунча кўтарилиб бориши кутилади. Бу шундай жараёнки, атмосферанинг 3−4 км баландликдаги совуқ ҳаво гўёки пастга босиб турилаётгандек манзарани акс эттиради. Ўзбекистон пайшанба кунига қадар ана ўша марказида атмосфера босими 1050 гПа гача бўлган антициклон чеккасининг чуқур таъсирида бўлиши ойдинлашяпти.


Айнан шу таъсир оқибатида сешанба-чоршанба кунлари ҳаво ҳарорати мамлакатнинг жуда катта қисмида кундуз кунлари ҳам ноль даража ва ундан бироз юқори бўлиши таъминланади. Тунги ҳаво ҳарорати ҳам −5…−10 даражага, республиканинг шимоли ва тоғларида −13…−18 даражагача совуқ бўлиши прогноз қилинган. «Ўзгидромет» бу тўғрида тезкор гидрометеорологик хабар ҳам эълон қилган эди.

Пайшанба кунидан эса жанубдан илиқлик минтақага фаол таъсир эта бошлаб, республиканинг катта қисмида ҳарорат аста-секин кўтарилиб боради. Жанубий вилоятларда пайшанбадан якшанбага қадар ҳатто тунги ҳарорат минимумлари ҳам мусбат ҳароратга яқинлашиб қолади. Дам олиш кунлари эса узоқ ғарбдан нам ҳаво оқими минтақага навбатдаги ёғингарчиликларни олиб келиши мумкин.

Сешанба-пайшанба кунлари антициклон чеккаси таъсирида текисликларда тонг отиши ва Қуёш ботишидан сўнг қалин туман ҳодисалари кузатилиши, Фарғона водийси вилоятларининг текислик ҳудудларида бундай ҳодисалар узоқроқ давом этиши, булдуруқ юз бериши мумкин. Оддий қилиб айтганда, Ўзбекистонда ҳафтанинг иш кунлари ёғингарчиликсиз қуруқ ўтади.

Шу билан бирга, шанба куни Каспий денгизи жанубий қисмидан кириб келиши кутилаётган нам ҳаво оқими ёғингарчиликларга сабаб бўлиши мумкин. Ёғинли булутлардан дастлаб ёмғир, кейинроқ қор ёғиши кутилмоқда.

«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 10 декабрь куни республика бўйлаб — жанубий вилоятлардан ташқари — жуда совуқ, қуруқ ҳарорат кузатилади. Ҳаво ҳарорати шимолда кундуз куни −0…−5 даража совуқ, бошқа ҳудудларда -3 даража совуқ…+2 даража илиққача, жанубда +2…+7 даражагача илиқ, тоғларда −3…−8 даража совуққача ўзгарса, тунда шимолда −8…−13 даража, тоғларда −13…−18 даражагача совуқ кутилади. Бошқа ҳудудларда ҳам (жанубий вилоятлардан ташқари) ҳарорат минимумлари -8 даража атрофида кутилади. Жойларга туман тушиб, баъзи йўлларда яхмалак ҳодисалари кузатилади.

Синоптиклар 11−13 декабрь кунлари Ўзбекистонда қуруқ, ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилиб, аҳоли кундуз кунлари аста-секин ҳароратнинг кўтарилиб боришига гувоҳ бўлишини маълум қилган. 13 декабрь кунига бориб жанубда ҳарорат +14 даражагача етса, республиканинг шимолида +3…+8 даража, бошқа ҳудудларда +5…+10 даражагача кўтарилади. Фақат Фарғона водийсида эҳтимолий қалин туманлар сабаб, бирмунча паст ҳарорат кутилади.

Аммо ҳароратнинг сезиларли кўтарилиб бориши тунги муддатлар учун унчалик хос эмас — 13 декабрь кунига қадар жойларда тунда ҳарорат минимуми худди ҳафта бошидагига жуда яқин, ноль даражадан анча паст совуқ бўлиб туради. Бу саналарда ҳам жойларга қалин туман тушиб, 11 декабрь куни водий виилоятлари йўлларида яхмалак ҳодисалари кузатилиши мумкин.

Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ҳафта боши ва ўрталарига нисбатан сезиларли кўтарилади, совуқликдан «зада бўлганлар» ҳароратнинг сезиларли кўтарилаётганини танасида ҳис қила бошлайди. Республиканинг катта қисмида кундуз кунлари ҳарорат +7…+12 даражагача, жанубда +15 даражагача етади. Тунда ҳам ҳарорат минимумлари аста-секин ноль даражага яқинлашиб қолади. Шанба-якшанба кунлари эҳтимолий нам ҳаво оқимининг минтақага кириб келишида «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали айнан қайси вилоятларга ёғингарчилик тушишини аниқроқ билиб олиш мумкин.

Умуман, ҳафта давомида умумий ҳарорат фони йилнинг шу даври учун мос иқлимий меъёрдан анча паст совуқ кутилади.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Ўзбекистон ҳафта бошларида антициклоннинг таъсир доирасида бўлиши, боз устига, мазкур антициклонда атмосфера босими 1035 ва 1045 гПага яқин бўлиши оқибатида аҳоли антициклон таъсирни ўз танасида ҳис қилади.

Душанбадан пайшанбага қадар бундай юқори атмосфера босими инсон саломатлигига, айниқса, аллергик, астматик ҳамда қон босими хасталикларидан азият чекаётган кишиларга жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу тур беморлар ҳаводаги турли кўринмас майда заррачаларга таъсирчан (агрессив) бўлади, аксига олиб, антициклон вақтидаги тинч об-ҳаво шароитида бу каби зaрралар ҳавода кўп муддат муаллақ сақланади.

Юқори босимли давомий антициклон таъсири инсон танасида бош ва юрак оғриғи, ишчанликнинг сустлашуви, умумий заифлик билан намоён бўлади. Атмосфера босимининг кўтарилиши қондаги лейкоцитлар сонини камайтириб, организмнинг ҳимоя функцияларига салбий таъсир кўрсатади. Буларнинг бари инсон саломатлигини сезиларли даражада ёмонлаштиради ва турли юқумли касалликларга мойил қилиши мумкин.

Тавсиялар. Антициклон таъсирларга мойил кишилар тонгда тетиклаштирувчи енгил душ қабул қилиши, енгил гимнастика машғулотлари билан шуғулланиши ҳамда овқатланиш рационига калий моддасига бой меваларни қўшиши тавсия этилади. Иммун ва асаб тизимини зўриқтирмаслик мақсадида кундалик иш тартибини ҳам маълум муддат бироз ўзгартириш лозим. Иложи бўлса, кўпроқ дам олган маъқул.

Антициклон қуруқ совуғи ва унинг инсон саломатлигига таъсири ҳақида 8−11 декабрь кунлари совуқлик тўлқинидан ҳимояланишда аҳолига зарур тавсиялар билан боғлиқ аввалги материалда танишиш мумкин. Ўзбекистонда антициклон жараёнлари таъсири 1,5−2,5 суткагача, жуда кам ҳолларда 3,5 суткагача давом этиши мумкин.

Ҳафтанинг иккинчи ярмидан бошлаб антициклонинг минтақадан чекиниши кузатилади ва кутилажак об-ҳаво шароити инсон саломатлигига таъсир кўрсатмайди.

Ҳафтанинг иш кунлари кучли шамоллар бўлиши эҳтимоли деярли йўқ. Ўз-ўзидан, атмосфера босимининг қисқа вақт ичида кескин ўзгариши эҳтимоли ҳам паст. Шундай экан, жорий ҳафта иш кунлари табиий об-ҳаво муҳитининг ички қон босимига таъсир этиши хавфи баланд эмас. Аммо дам олиш кунлари нам ҳаво оқими, катта эҳтимол, кучли шамоллар билан кириб келади. Бу вақтда атмосфера босимининг қисқа вақт ичида кескин ўзгариши, яъни «барик тубсизлик» ҳодисаси рўй бериши мумкин. Бу ҳодиса ва унда қандай чоралар кўриш лозимлиги ҳақида аввалги материалларда маълумот берилган.

Биоиқлимий шароитлар

Жорий ҳафта бошида минтақага антициклоннинг чуқур таъсири оқибатида шимол ва чўл ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли кечки, тунги ва тонгги муддатларда очиқ ҳавода кучли совуқлик стрессларига учраши мумкин. Оддий қилиб айтганда, ҳафта давомида қалинроқ кийиниш керак бўлади. Бунда, қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим. Айниқса, ҳафтанинг сешанба куни бош ва йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш талаб этилади.

Аҳоли иш ҳафтасининг бошида ташқарида ҳаракатланишда барча вақтларда қалин кийиниши, бошга қалпоқ кийиб олиши тавсия этилади. Ҳафта ўрталарида кундузги муддатларда кунлар бироз илий бошлайди, аммо тунги вақт учун бундай деб бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, республика аҳолиси жорий ҳафта бошида ҳақиқий қиш нафасини ҳис этади.

Космик таъсирлар

Ўзбекистонликлар ҳафта давомида кучли магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланмайди. Чунки кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасидаги сокинлик сабаб, Ер магнитосферасида ҳам кучли магнит бўрони қўзғалишлари бўлмаслигини тахмин қилган. 8 декабрь куни Қуёш сиртида Тошкент вақти билан соат 13:50 дан 14:10 га қадар юз берган Х синфига мансуб кучли чақнаш бир ойча давом этган сокинликни «бузди». Мазкур чақнашдан ажралган Қуёш шамоли Ерга тўғридан-тўғри таъсир этмаса-да, чоршанба куни 3−4 баллик магнит бўрони қўзғалишини келтириб чиқариши мумкин.

Манба: xras.ruМанба: xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам аҳоли ҳафта давомида саломатликка умуман хавф туғдирмайдиган «яшил» даража, чоршанба ва шанба кунлари эса «сариқ» даражадаги қўзғалишлар билан тўқнаш келиши қайд этилган.

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида кутилаётган ёғин-сочинли об-ҳаво майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон бермайди. Аммо ҳафтанинг бошқа кунлари антициклонал жараёнлар бундай заррачаларнинг тарқалиши учун қулай муҳитни юзага келтиради. Республиканинг кўплаб ҳудудларида антициклонал таъсир натижасида Қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг, инверсия жараёни фонида ва ҳавода сув буғининг тўйиниши, хиралик (туман, ғубор ҳодисалари) ортидан, ҳавода бироз ифлосланиши юзага келиши мумкин.

Хусусан, иш кунлари пойтахт ҳавосида ҳам майда дисперс заррачалари билан боғлиқ ифлослик бироз кўпайишини тахмин қилиш мумкин. Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.

Шундай қилиб, 10−15 декабрда об-ҳаво бўйича энг қулай кун жума бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу куни ўзини нисбатан енгил ҳис қилиши кутилмоқда. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, жорий ҳафта об-ҳавоси энергетика тармоқлари учун яхшигина синов бўлади.