Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Покистон ва Таиланд билан икки томонлама музокараларни якунлади.
«Ушбу протокол [бозорга кириш бўйича музокараларни якунлаш тўғрисида] қардош мамлакатни Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзоликка янада яқинлаштиради», — деб ёзди 7 декабрь куни LinkedIn`да Покистоннинг ЖСТдаги доимий вакили Али Сарфраз Ҳусайн.
Таиланднинг ЖСТдаги вакили Пимчанок Питфилд ҳам Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши тўғрисидаги протоколни имзолаганини маълум қилди.
«Биз Ўзбекистоннинг кўп томонлама савдо тизимига тезроқ қўшилишини интиқлик билан кутяпмиз ва ишонамизки, ЖСТ оиласига аъзолик Ўзбекистонга кўпроқ савдо ва инвестициялар олиб келади. Икки томонлама даражада бу мавжуд савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва келажакда халқлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилишимизнинг тасдиғидир», — деди у.
Ўтган икки ойда Ўзбекистон Филиппин, Салвадор, АҚШ ва Хитой билан ҳам музокараларни якунлаганди.
Ноябрь ойи бошида Ўзбекистонда бўлиб ўтган Европа иқтисодий кунларида президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Урунов Тошкент Россия, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Швейцария ва бошқа давлатлар билан музокараларни якунлаши кераклигини таъкидлаган.
Президент Шавкат Мирзиёев август ойида тадбиркорлар билан учрашувда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши — чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларнинг ажралмас бир қисми, деганди. «Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади», — дея қўшимча қилган у.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев май ойида Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясигача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.