«Кўприкқурилиш» акциядорлик жамияти раиси Зафар Махаматов «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувига берган интервьюсида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги темирйўл қурилиши ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги «Хўжакент» вокзалидан «Чинор» бекатига қадар 1,4 километр узунликдаги темирйўл қурилмоқда. Унинг мураккаб томони — у ерда 400 метрлик темирйўл кўприги қурилмоқда. Компания матбуот хизмати хабарига кўра, йўл ўтказгичнинг узунлиги 390,3 метр, кенглиги эса 5,6 метрни ташкил қилади.

«Унинг мураккаблиги шундаки, республикамиздаги кўприксозликда бундай геологик ўлчовдаги кўприкни биринчи марта қурдик. Кўприксозларимиз бунинг уддасидан чиққан ҳолда пойдевор ишларини тўлиқ тугатиб, бугунги кунда тўсинларни монтаж қилиш ишлари давом этмоқда. Бизга президентимиз бу ишларни тез кунларда тугатиб, йил охирига қадар темирйўлни „Чинор“ тўхташ пунктигача тугатиш вазифасини юкладилар», — деди у.

Темирйўл кўприги қачон очилади, деган саволга Зафар Махаматов йил охиригача ишга туширилишини айтди. «Бу халқимиз учун Янги йил совғаси бўлади», — деди у.

Кўприкдаги қурилиш-монтаж ишлари жараёни, 2024 йил 2 декабрда эълон қилинган фотосуратлар.

Компаниянинг қўшимча қилишича, темирйўл кўприги қурилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 июндаги 415-сон буйруғи асосида 13-отряд қурувчилари томонидан амалга оширмоқда.