Олий Мажлиси Сенатининг кенгаши президент тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Сенатга бу бўйича тақдимнома киритгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Мамаризо Нурмуратов 2017 йил 6 июнь куни Марказий банкни 1991 йилдан буён бошқариб келган Файзулла Муллажонов вафотидан сўнг ушбу лавозимни эгаллаб, Марказий банк раиси этиб тайинланган эди.

«Марказий банк тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Марказий банк бошқаруви тўққиз кишидан: раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, шунингдек, бошқарувнинг икки нафар мустақил аъзосидан иборат. Марказий банк бошқаруви раиси президентнинг тақдимига биноан Сенат томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Мамаризо Нурмуратов (1960 йилда туғилган) Тошкент халқ хўжалиги институти ва Ленинград иқтисодиёт-молия институти битирувчиси ҳисобланади. У 1980 йилларда у ўқитувчилик ва илмий фаолият билан шуғулланган ва Москва молия институтида иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини олган.

1993 йилдан Марказий банк тизимида иш бошлаган: Илмий тадқиқотлар маркази директори, Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари ва раиснинг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2000−2004 йилларда Ўзбекистон молия вазири лавозимида ишлаган. 2004−2006 йилларда Самарқанд вилоятини бошқарган. 2006−2017 йилларда Марказий банк раиси маслаҳатчиси бўлган.