Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 11 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ўзбекистонликларга ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал маъқуллади, деб хабар қилди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.
Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги қонунга аҳолини кредитлаш, уларнинг номига кредитлар бериш ва ушбу кредит маблағларини масофадан туриб ўғирлаш соҳасидаги фирибгарлик жиноятларидан ҳимоя қилиш мақсадида ўзгартишлар киритиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бундай ўғирлик ҳолатлари, асосан, онлайн кредитлар билан кўпайиб бормоқда. «Газета.uz»нинг аниқлашича, 2023 йилда 2790 нафар фуқаронинг номига ўзлари билмаган ҳолда 19 миллиард сўм, жорий йилнинг саккиз ойида эса 874 нафар жисмоний шахс зарар кўрган, уларга 36,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилган.
Ҳужжатга кўра, кредит олиш учун ариза беришни ихтиёрий равишда рад этиш механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан кредит битимларини тузиш тақиқланган шахслар реестрини яратиш кўзда тутилган.
Яъни жисмоний шахс бундай операциялар билан боғлиқ фирибгарлик ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадида кредит бюросига ўз номидан кредит шартномасини унинг иштирокисиз ёки хабардорлигисиз амалга оширишни тақиқлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши мумкин бўлади. Ушбу хизмат кредит олиш ёки мижознинг пул маблағлари билан операцияларни амалга ошириш имкониятини чеклаш учун мўлжалланган.
Кредит шартномасини тузишни тақиқлаш ёки ушбу тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги ариза Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) орқали электрон шаклда, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.
Кредит шартномасини тузишни тақиқлаш ёки тақиқни бекор қилиш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бундан ташқари, ушбу хизматлар Вазирлар маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда пуллик асосда кўрсатилади.
Реестрни юритиш кредит бюролари зиммасига юкланади, банклар ва нобанк кредит ташкилотларига реестрни текширмасдан мижозлар билан битимлар тузиш тақиқланади. Яъни потенциал қарз олувчига кредит беришдан олдин, молия институтлари, биринчи навбатда, мавжуд чекловларни текширишлари ва шундан кейингина кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилишлари керак. Агар бундай шартнома жисмоний шахснинг хабардорлигисиз тузилган бўлса, кредит шартномаси бўйича ҳуқуқий оқибатлар учун банклар, нобанк кредит ташкилотлари ёки микромолия ташкилотлари жавобгар бўлади.
Ҳужжатда Марказий банк кредит бюроларига нисбатан қўллаши мумкин бўлган санкция ва чоралар ҳам баён этилган. Ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида мажбурий фармойишлар юбориш ва 5000 тагача (1,875 миллиард сўмгача) миқдорда жарима солиш шулар жумласидан.
Кредит бюроларининг устав капитали камида 2 миллиард сўм. Бугунги кунда Ўзбекистонда 2 та кредит бюроси фаолият кўрсатмоқда. Kredit-axborot tahliliy markazi’нинг устав капитали 12,8 миллиард сўм бўлиб, унинг улуши 26 та тижорат банклари ва Ўзбекистон банклари ассоциациясига тегишли. «CRIF кредит ахборот хизматлари» 6 та банк акциялари билан 23,8 миллиард сўм кўрсаткичга эга.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда АҚШ, Қозоғистон, Россия, Сингапур тажрибаси ўрганилди. Банк хизматларини рақамлаштириш кредит олиш имкониятини соддалаштиради, бироқ айни пайтда ўғирлик хавфини туғдиради, шу сабабли хорижий мамлакатларда кредитлар бўйича ўз-ўзини тақиқлаш жорий этилмоқда, деди Марказий банк раиси ўринбосари.
Қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Россияда ўзига кредитни тақиқлаш жорий йилнинг февраль ойида кучга кирди. Бу мижознинг илтимосига кўра банкнинг онлайн транзакцияларга қўядиган чекловини англатади. Кредит беришни ҳам, бошқа банк операцияларини ҳам алоҳида-алоҳида тақиқлаш ёки уларнинг индивидуал параметрларини чеклаш мумкин — масалан, битта ўтказма ёки бир нечта ўтказмалар учун максимал миқдорни белгилаш мумкин, лекин маълум вақт учун.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистонда 1 ноябрдан 2025 йилнинг 1 апрелига қадар фуқаролар номига кредитлар берилиб, сўнгра p2p транзакциялари орқали карталардан пул маблағлари ечиб олинадиган фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида онлайн кредитлар беришда айрим чекловлар жорий этилган.