Қандолат маҳсулотлари, алкоголсиз ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчиларга маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашё олиб киришда енгиллик берилади. Бу ҳақда 10 декабрь куни озиқ-овқат саноатидаги ишлар ва 2025 йилга мўлжалланган режалар билан танишган президент билан учрашувда сўз борди.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатда 962 корхона фаолият юритиб, уларда 189 минг тонна қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Кейинги йилларда мазкур маҳсулотлар экспорти тўрт баробар ошиб, 13 миллион долларга етган.
Хомашё, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари тўғридан-тўғри олиб келиниб, таннарх 20 фоизга камайгани туфайли рақобатдошлик анча ошган, дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Савдо-саноат палатаси раҳбари мазкур йўналиш тадбиркорлари 2022 йилда Индонезия ва Малайзиядан пальма ва кокос ёғи ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган бошқа хомашё импортини бождан озод қилишни сўраганини таъкидлади.
Ўшанда президент ушбу имтиёзлар берилишини тасдиқлаганди, улар 2025 йил 1 январда тугайди. Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзларни яна икки йилга узайтириш таклифини маъқуллади.
Шунингдек, Ўзбекистонда салқин ва алкоголсиз ичимликлар, мева-сабзавотлардан табиий шарбатлар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Охирги беш йилда уларнинг экспорти тўққиз баробар ошиб, 35 миллион долларга етди. Бироқ тропик мевалар ва апельсин шарбати концентратларини (5−10%) импорт қилиш бўйича жорий божлар туфайли маҳсулотлар рақобатбардошлиги бўйича бошқа мамлакатлар товарларига нисбатан паст.
Шу муносабат билан импорт қилинадиган тропик мева концентратларини божхона тўловларидан озод қилиш таклиф этилди.