Ўзбекистонда 2022 йилнинг сентябрь — декабрь ойларида Ҳиндистонинг Marion Biotech корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларидан болаларнинг оммавий заҳарланиши кузатилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан ярим йилдан ортиқ вақт давом этган суд жараёнида дорилар таъсирида расман 68 нафар бола вафот этгани ва 18 нафар бола ногирон бўлиб қолгани маълум қилинганди.
Суд иши давом этаётган пайтда ОАВда фарзандининг «Док-1 Макс» иши жабрланувчилари рўйхатига қўшилмай қолганини айтган ота-оналарнинг мурожаатлари чиқиб турди. Биринчи инстанция судини кўриб чиққан судья Мусо Юсупов ҳукм эълон қилган кун — 26 февралда ОАВ билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида жабрланувчилар ҳолати бўйича яна алоҳида жиноят иши мавжуд экани, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, улар судга алоҳида жиноят иши сифатида киритилишини маълум қилган эди.
2024 йилнинг 18 ноябрида жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида судья Дилшод Комилов раислигида «Док-1 Макс» иши бўйича кейинроқ мурожаат қилган жабрланувчилар иши бўйича ярим йил давом этган суд ҳукми эълон қилинган. «Газета.uz» ҳукм билан танишиб чиқди.
Унга кўра, 2020 йил 14 октябрда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган Шаҳрам Абатбаев, 2016 йил 22 августда Жиззах вилоятида туғилган Муслима Зиёбоева, 2018 йил 30 сентябрда Сирдарё вилоятида туғилган Мансур Кемамов «Док-1 Макс» дори воситасидан; 2020 йил 21 ноябрда Хоразм вилоятида туғилган Сарварбек Жуманазаров, 2022 йил 15 январда Хоразм вилоятида туғилган Муҳаммадали Ойбеков «Амбронол» дори воситасидан ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олган.
Суд судланувчилар Рагвендра Пратап Сингҳ, Нурия Мирзааҳмедова, Сардор Кариев, Амирхон Азимов, Нодирбек Мусаев, Шоюсуп Шодмонов ва Жаҳонгир Эркинийдан солидар тартибда жабрланувчиларнинг ҳар бирига 1 млрд сўмдан, жами 5 млрд сўм маънавий зарар ундирилишини белгилаган.
Иш бўйича судланувчи, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Кариевнинг уйидан 2024 йилнинг 12 апрелидаги тинтув жараёнида олинган 10 минг доллар миқдоридаги пул маблағлари ҳукм қонуний кучга киргач, беш нафар жабрланувчининг қонуний вакиллари фойдасига тенг миқдорда (яъни 2 минг доллардан) тўлаб берилиши қайд этилган.
Қолаверса, суд «Док-1 Макс»иши бўйича биринчи инстанция судининг 23 нафар судланувчига нисбатан тайинлаган жазоларини ўзгаришсиз қолдирган. Фақат судланувчилар рўйхатига яна киши қўшилганини кўриш мумкин. Уларнинг бири «Geeta Pharmа» компанияси директори, Покистон фуқароси Сарвар Носир Сиддиқий бўлса, иккинчиси «Supreme Pharmatech» компанияси раҳбари Саидмухтор Файзуллаев. Улар ҳужжатларни қалбакилаштириш ва пора беришда айбли, деб топилган.
Сарвар Носир Сиддиқийга базавий ҳисоблаш миқдорининг 393,5 баравари (яъни 133 млн 790 минг сўм) миқдорида жарима жазоси белгиланиб, жарима тўлангач, унинг Ўзбекистондан депортация қилиниши белгиланган. Саидмухтор Файзуллаевга эса узил-кесил ўташ учун тўрт йилу бир ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Қуйида жабрланувчилар қаторига қўшилган беш кишининг — суд тергови давомида уларнинг қонуний вакиллари томонидан берилган кўрсатмалари асосида — касаллик тарихи келтирилади.
Жабрланувчиларнинг кўрсатмалари
Жабрланувчи Муслима Зиёбоеванинг отаси И.Азимов кўрсатмаси баёни
Муслима Зиёбоева 2016 йил 22 августда Жиззах вилоятида туғилган.
2022 йил декабрь ойида Муслиманинг томоғи оғриб қолади. Отаси шифокорга олиб боради, шифокор ёзиб берган кўрсатмалар асосида онаси «Док-1 Макс» сиропини 1 кунда 3 маҳал бир қошиқдан (дорининг қошиғида) ичиради.
Шундан кейин қизчанинг буйраги ишламай қолади. Эрталаб пешоб чиқармай қўйгандан сўнг яна шифохонага олиб боришади. Дўхтирлар уни текшириб, Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига юборади.
Муслима Жиззахдан Тошкентга тез тиббий ёрдам автомашинасида олиб кетилаётган пайтда йўлда комага тушади ва 7 кун деганда комадан чиқади. Қизча бир муддат Болалар миллий тиббиёт марказида даволанади.
Ҳозир 8 ёшли Муслима 1-гуруҳ ногирони — ўрнидан туролмайди, юролмайди, гапиролмайди. Унинг даволанишига ҳар ой 10 млн сўмдан кўпроқ пул сарфланади, 2024 йил ноябригача умумий даволаниш харажатлари 1 млрд сўмга етган.
Муслиманинг отаси суддан қизининг даволаниши учун сарфланган пулларни судланувчилардан ундириб беришни сўраган.
Жабрланувчи Сарварбек Жуманазаровнинг онаси С. Жуманиёзованинг кўрсатмаси баёни
Сарварбек Жуманазаров 2020 йил 21 ноябрда Хоразм вилоятида туғилган.
2022 йил ноябрь ойи охирида Сарварбекнинг иссиғи чиқади. Онаси шифокорга олиб борганда, шифокор «Амбронол» сиропини ёзиб беради. Ноябрь охири — декабрь бошларида Сарварбек шу сиропдан ичади. Ҳар гал дори қабул қилганда боланинг аҳволи ёмонлашаверади.
Онаси бу аҳволни шифокорга маълум қилганида, у дорини ичиравериш кераклигини айтади. Боланинг пешоби чиқмай, аҳволи янада оғирлашади. Урганчда ультратовуш текшируви (УЗИ)дан ўтказишганда, Сарварбекнинг буйраги ишламаётгани маълум бўлади ва у шу куни комага тушади.
Боланинг бош миясида суюқлик бор, деб ташхис қўйилгач, бутун оила Тошкентга учиб келади. Янги ТошМИдаги текширувларда Сарварбекнинг мияси ишламаётгани, кўзи кўрмай қолгани маълум бўлади.
Онаси судда кўрсатма бераркан, Сарварбек ҳозир ҳам бир аҳволда касал бўлиб ётганини маълум қилган ҳамда суддан фарзандининг даволаб берилишини ёки келажакда даволаниб, соғайиши учун сарфланадиган пулларни ундириб берилишини сўраган.
Жабрланувчи Муҳаммадали Ойбековнинг отаси О.Козоковнинг кўрсатмаси баёни.
Муҳаммадали Ойбеков 2022 йил 15 январда Хоразм вилоятида туғилган.
8 ойлик Муҳаммадали 2022 йил декабрь ойида шамоллаб қолади. Патронаж ҳамшираси ёзиб бергани бўйича унга «Цинепар» ва «Амбронол» дорилари ичирилади. Отасининг маълум қилишича, доридан (айнан қайси биридан экани айтилмаган — таҳр.) боланинг онаси ҳам ичган. Сут орқали дори онадан болага ўтган.
Аммо бола соғайиш ўрнига, иссиғи чиқиб, кўнгли айний бошлайди. Шундан сўнг бола тез ёрдам машинасида Шовот туманига олиб борилади, у ердаги шифокор эса Хивага олиб бориш кераклигини айтади. Хивадаги уч кунлик даволанишдан сўнг бола комага тушиб қолади.
Кейинчалик, боланинг аҳволи бироз яхшиланиб, жонлантириш бўлимига ўтказилади. Аммо самолётда Тошкентга олиб келинаётганида яна комага тушади. Муҳаммадали бир муддат пойтахтда нервология бўлимида (қайси шифохона экани айтилмаган — таҳр.) ётиб даволангач, Хоразмга қайтади.
Шундан бери Муҳаммадалининг кўзи кўрмайди, гапиролмайди, аммо ҳаракатланиши, овқатланиши жойида. Ўтган вақт ичида боланинг даволаниши учун 200−300 млн сўм атрофида пул сарфлаган.
Отаси суддан фарзанди даволаб берилишини ва унга дори ёзиб берган патронаж ҳамширасига ҳам қонуний чора кўришни сўраган.
Жабрланувчи Мансур Кемамовнинг отаси Сафарали Мансуровнинг кўрсатмаси баёни
«Газета.uz» 2024 йил январь ойида Мансур Кемамовнинг «Док-1 Макс» жабрланувчилари рўйхатига кирмаётгани бўйича ота-онасининг мурожаатини эълон қилганди.
Мансур Кемамов 2018 йил 30 сентябрда Сирдарё вилоятида туғилган.
2022 йил кузида Мансурнинг ота-онаси пахта теримига чиқади, ноябрда эса Мансур шамоллаб қолади. Уни шифохонага олиб бориш имкони бўлмайди — дорихона сотувчисининг тавсиясига кўра, болага «Док-1 Макс» сиропини бир ҳафта ичиришади. Боланинг кундан-кун мазаси бўлмай, иссиғи чиқиб, қайт қила бошлайди. Пешоби чиқмагандан сўнг касалхонага олиб боришади. Шифокорлар уни кўриб, касалхонада ётиб даволаниши шарт эмас, деб уйига жавоб беради.
Аммо Мансурнинг аҳволи оғирлашавергач, ота-онаси касалхонага ётқизади. Таҳлиллар олинади, осма уколлар қилинади. Бола эрталаб юзлари шишган ҳолатда уйғонади. Уни Гулистондаги шифохонага олиб бориб, таҳлиллар топширишганида, боланинг иккала буйраги ҳам ишламаётгани маълум бўлади. Диализ қилиш бошланади.
Диализнинг 18-кунида Мансур пешоб чиқара бошлайди. Шифокорлар пешоби тўлиқ чиқадиган бўлиши ва тузалишини кутиш кераклигини айтади. Шифохонада яна 5−6 бола ўғлиники каби белгилар билан касал бўлиб ётганини кўрган Сафарали ака бу қандай касаллик экани ҳақида дўхтирлардан сўраганида, тайинли жавоб ололмайди.
Тахминан шу вақтда Самарқандда «Док-1 Макс» ичган болалар заҳарлангани, ҳатто бир неча нафари вафот этгани ҳақида эшитиб қолади…
Мансурнинг даволанишига шу вақтгача 500 млн сўм сарфланган. Отаси судда берган кўрсатмасида фарзандини даволаш учун уйини сотгани, катта миқдорда қарз ҳам олганини айтиб ўтган.
Жабрланувчи Шаҳрам Абатбаевнинг онаси Қ.Зарлиқова кўрсатмаси баёни
Шаҳрам Абатбаев 2020 йил 14 октябрда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг эгизаги ҳам бор.
2021 йили Шаҳрамнинг чуррасини олдиришган. 2022 йили бола шамоллаб қолади. Онаси дорихонага бориб, «Амбронол» сиропини сўрайди. Дорихона сотувчиси эса «Док-1 Макс»ни тавсия қилади.
Бола «Док-1 Макс»ни ичганида қайт қила бошлайди. Онаси шифокорга олиб борганида, шифокор бола «отравления» бўлганини айтади. Она-бола уйга қайтади.
Шундан сўнг бола ҳолсизланиб, сиймай қўяди, иситмаси кўтарилиб кетади. Нукусдаги шифохонага олиб борилганида, иккала буйраги ҳам ишламай қолгани маълум бўлади. Шифокорлар «боланинг қонини тозалаймиз» деб, диализ муолажаси қилади.
Шаҳрам Абатбаевнинг онаси суддаги кўрсатмасида фарзанди 2022 йил 10 октябридан буён — касалхонага ётқизилганидан бери гапиролмаслиги, кўзлари кўрмаслиги, ётиб қолгани, ўзини англолмаслиги, даволанишига 500 млн сўм пул сарфлаганини маълум қилган.