Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, турли ҳудудларда тақиқланган моддаларни олиб ўтиш ҳолатларини тўхтатиш бўйича қатор тезкор тадбирлар амалга оширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Оҳангаронда Қўқон шаҳрида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Тошкент-Фарғона» йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti автомашинаси тўхтатилган. Автомобил ичидан 4,9 кг гашиш топилган. Malibu автомашинасида орқасидан келаётган ҳайдовчининг муқаддам судланган акаси ҳам ушланган. Аниқланишича, ушбу моддалар Пискент туманида тожикистонлик наркосотувчидан 30 минг долларга сотиб олинган ва Қўқон шаҳрида сотиш учун мўлжалланган.
Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона вилоятида яшовчи, муқаддам наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун судланган 1972 йилда туғилган шахс қўлга олинган. Унинг ёнидан 987 грамм гашиш моддаси бўлган ўйинчоқ қутиси топилган. Маълум бўлишича, у гиёҳванд моддаларни Марғилон шаҳрида яшовчи фуқародан олган, у ҳам қўлга олинган. Унинг Cobalt автомашинасининг салонидан 941 грамм опий ва 1,9 килограмм гашиш гиёҳвандлик моддаси топилиб, олиб қўйилган.
Аниқланишича, ушбу гиёҳванд моддалар аввалроқ Тожикистон фуқароси томонидан мамлакатга олиб кирилган.
Яна бир ҳолат Урганчда қайд этилган. Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшовчи фуқаро Тожикистондан олиб келинган 501 грамм опий ва 459 грамм гашишни 7800 долларга сотмоқчи бўлган. 3000 доллар аванс олаётган вақтда қўлга олинган.
Шунингдек, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Яшнобод туманида яшовчи, муқаддам наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар содир этгани учун судланган 1982 йилда туғилган шахс қўлга олинди. Кўздан кечирилганда, унинг чамадонидан 297 грамм гашиш ва 9 грамм опий топилган.
Аниқланган барча гиёҳванд моддалар процессуал тартибда мусодара қилинди.