Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган «маънавият экспертизаси» лойиҳаси ҳозир халқ муҳокамасида, мазкур тартиб бўйича ҳали узил-кесил қарор қабул қилингани йўқ. Бу ҳақда маданият вазири Озодбек Назарбеков 7 декабрь куни «Яшил макон» лойиҳаси доирасида вазирлик жамоаси ва таниқли санъаткорлар иштирокида ўтказилган дарахт экиш акциясида ОАВга берган интервьюсида қайд этди.

«Газета.uz» мухбири «маънавият экспертизаси» лойиҳаси юзасидан маданият вазири Озодбек Назарбековнинг фикрига қизиқиб, унга бир қанча саволлар билан юзланди.

«„Маънавият экспертизаси“ Маданият вазирлигининг ташаббуси эмас. Бу асосан, Маънавият марказининг лойиҳаси бўлиб, тажрибаси тариқасида аҳолини, жамиятимизнинг фикрини билайлик, деган маънода ишлаб чиқилди. Лекин ҳар хил фикрлар ўртага чиқяпти, шу сабабли бу бўйича ҳали узил-кесил қарор қабул қилганимиз йўқ. Ҳозирча икки тарафнинг фикрлари ўрганиляпти. Чунки маънавият масаласи ўта хассос масала. Ҳар бир инсоннинг маънавияти индивидуал [бўлади]. Масалан, менинг маънавиятим қайсидир чегарада тўхтайди, сизнинг маънавиятингизни чегараси менинг маънавиятимникидан ҳам кенгроқ бўлиши мумкин. Кимнингдир маънавияти ўз атрофида қотади — фақат ўзи билан иши бор, жамият билан, ҳеч нарса билан иши йўқ. Мана шундай ўринларда қандай қилиб, умумий жамиятга нисбатан маънавият чегарасини топиш мумкин? Мана шу муаммо бугун жамиятимизни ҳам қийнаяпти, шу сиёсатни юритган идора сифатида Маданият вазирлигининг ҳам олдида турган жуда катта масала», — деди вазир.

маданият вазирлиги, маънавият ва маърифат маркази, маънавият экспертизаси, озодбек назарбеков

Ҳукумат вакили «бу лойиҳани кўплаб ижодкорлар цензура сифатида қабул қиляпти, бунга муносабатингиз қандай?», деган саволга жавоб бераркан, бу цензурани халқ талаб қилаётганини айтди.

«Сизлар муҳокамаларни яхши кузатасизлар. Цензурани халқ талаб қиляпти, биз эмас. Халқ сўраяпти. „Цензурани қўй, мана буни ёп, мана бунга рухсат берма, уни чиқарма“, деяпти. Лекин иккинчи тараф буни цензура сифатида кўряпти. Шунинг учун ["маъанавият экспертизаси» лойиҳасини] ҳозир халқ муҳокамасига қўйганмиз, айни пайтда муҳокама жараёнида. Масала бир тарафга ўтганидан кейин, эҳтимол, қарор қабул қилармиз", — деди маданият вазири.

«Маънавият экспертизаси» нима?

Аввалроқ Маънавият ва маърифат маркази бунга Республика Маънавият ва маърифат маркази, АОКА, Маданият вазирлиги, Киномотография агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий медиа бирлашмасининг биргаликдаги қарори билан келишилганини қайд этганди.

«Бугун шиддатли даврда ахборотлар кўлами ва оқими кенг. Медиамакон замонавий, қизиқарли ва долзарб мавзудаги хилма-хил медиамаҳсулотлар билан тўлдирилмоқда. Лекин уларнинг барини ҳам сифат жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам миллийлигимизга мос ва хос, тарбиявий аҳамияти юқори деб бўлмайди. Шу боисдан ҳам ёшлар тарбиясига ва миллий менталитетимизга раҳна солувчи медиамаҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш ва уларнинг софлиги, миллий ахлоқимизга мослик даражасини таҳлил қилиб бориш анча муҳим», — дейилади хабарда.

Шунинг билан теле ва радиоканаллар, ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар, хусусан, сериал, мултфильм, кино, қўшиқ ва клипларни маънавий экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Қайд этилишича, ҳозирга қадар маънавий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқлаб бўлинган. Унга мувофиқ, маънавий экспертиза гуруҳининг асосий вазифалари белгиланган.

Жумладан:

  • соҳа мутахассисларидан тартиб топган гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳамда хорижда ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган медиамаҳсулотларнинг давлат сиёсати, давлат рамзлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зид, инсоний фазилатларга таҳдид солувчи аҳлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи ҳолатлар мавжуд ва мавжуд эмаслиги ўрганилади;
  • Медиамаҳсулотларнинг ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга таъсири баҳоланади;
  • Ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга раҳна солувчи медиамаҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилади;
  • Бундай медиамаҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиб борилади;

«Маънавий экспертиза» лойиҳасининг тўлиқ ишлаши ва жамиятда кутилган натижани бериши учун эса марказ барчани ҳамкорликка чорлаган.

«Ахлоқсизлик ва тарбиясизликлар тарғиб қилинган медиамаҳсулотларни аниқлаш, намойиш қилиш ва кенг тарғибот қилиш бўйича билдирилган ҳар бир фикр, мулоҳаза ва талиф қимматли. Зеро маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни азалий миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш барчамизнинг асосий вазифамиздир», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, «Газета.uz» да Комил Жалиловнинг «маънавият экспертизаси»га оид мақоласи эълон қилинганди. Унинг фикрича, бу — цензура. «Улар «цензура ўрнатмаймиз» деяпти, лекин цензура ўрнатишини тан оляпти», — деб ёзади у ўз мақоласида.