Афғонистонда «Толибон» ҳукуматининг қочқинлар ишлри бўйича вазири вазифасини бажарувчи Ҳалил Раҳмон Ҳаққоний ва яна олти киши чоршанба куни пойтахт Кобулда содир бўлган портлашда ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters ёзмоқда.
«Толибон» ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўз баёнотида Ҳаққоний «Исломга даъво қиладиган хорижийлар» томонидан ўлдирилганини айтди ва «уни ўлдирган кишига Ислом душманлари 5 млн доллар ваъда қилганини» эслатди.
Маҳаллий One TV телеканали вазир вазирлик ҳудудида портлаш оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Ҳалил Ҳаққоний 2021 йилда «Толибон» муваққат ҳукуматга келгач, вазир бўлганди. АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, у 20 йиллик уруш пайтида йирик ҳужумлар учун айбланган фракция — Ҳаққоний тармоғининг юқори раҳбари эди.
«Биз жуда жасур мужоҳидни йўқотдик. Биз уни ва унинг қурбонлигини ҳеч қачон унутмаймиз», — деди унинг жияни Анас Ҳаққоний Reuters агентлигига. Унинг айтишича, портлаш Ҳаққоний пешин намозидан сўнг масжиддан чиқиб кетаётган пайтда содир бўлган.
Қўшни Покистон ташқи ишлар вазири Ишоқ Дор ўз баёнотида ҳужумдан «ҳайратда қолганини» айтди. «Покистон терроризмни барча шакл ва кўринишларида қатъий қоралайди», — деди у.
АҚШ Давлат департаменти ҳалок бўлган вазирни бир нечта йирик терактларга алоқадор бўлган жангарилар гуруҳининг юқори мартабали раҳбари деб атаган. Al Arabiya нашрининг таъкидлашича, АҚШ Молия вазирлиги 2021 йилда Ҳаққонийни «алоҳида хавфли халқаро террорчилар» рўйхатига киритган ва Давлат департаменти уни ҳибсга олишга олиб келадиган маълумот учун 5 миллион доллар таклиф қилган.