Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан 2024 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар учун ўртача ижара нархлари таҳлил қилинди.

Мазкур даврда пойтахтда ўртача таъмирланган хонадонлар учун ўртача ижара нархлари октябрь ойига нисбатан 1,3 фоизга пасайган бўлса, тўлиқ таъмирланган хонадонлар учун ўртача нархлар деярли ўзгармади.

Инфографика: Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтиИнфографика: Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти

2024 йилнинг ноябрь ойида ўртача таъмирланган 1 хонали хонадонлар учун ўртача ижара нархи октябрь ойига нисбатан 0,9 фоизга, 2 хоналилар учун 1,3 фоизга, 4 хоналилар учун 3,9 фоизга тушди. 3 хонали хонадонлар учун ўртача ижара нархида эса бироз (0,8 фоизга) кўтарилиш кузатилди.

Ўртача таъмирланган хонадонлар учун нисбатан арзон ижара нархлари:

  • Сергели (1 хонали — 298 доллар, 2 хонали — 360 доллар, 3 хонали — 404 доллар, 4 хонали — 411 доллар);
  • Олмазор (1 хонали — 330 доллар, 2 хонали — 364 доллар, 3 хонали — 463 доллар, 4 хонали — 479 доллар) туманларида таклиф этилган бўлса,

энг қиммат ижара нархлари:

  • Миробод (1 хонали — 378 доллар, 2 хонали — 516 доллар, 3 хонали — 680 доллар, 4 хонали — 865 доллар);
  • Яккасарой (1 хонали — 367 доллар, 2 хонали — 488 доллар, 3 хонали — 668 доллар, 4 хонали — 743 доллар) туманларида кузатилди.

Мазкур даврда тўлиқ таъмирланган 2 хонали (559 доллар) ва 3 хонали (733 доллар) уй-жойларнинг ижара нархи деярли ўзгаришсиз қолган бўлса, 1 хонали уйлар ижара нархлари 0,6 фоизга ошди. Талаб даражаси нисбатан кам бўлган 4 хонали уйларнинг ижара нархи эса ўртача 0,9 фоизга пасайди.

Тўлиқ таъмирланган уй-жойларнинг энг арзон ижара нархлари:

  • Сергели (1 хонали — 331 доллар, 2 хонали — 410 доллар, 3 хонали — 509 доллар, 4 хонали — 587 доллар);
  • Учтепа (1 хонали — 353 доллар, 2 хонали — 450 доллар, 3 хонали — 554 доллар, 4 хонали — 688 доллар) туманларида,

энг қиммат ижара нархлари:

  • Миробод (1 хонали — 479 доллар, 2 хонали — 718 доллар, 3 хонали — 984 доллар, 4 хонали — 1313 доллар);
  • Шайхонтоҳур (1 хонали — 520 доллар, 2 хонали — 730 доллар, 3 хонали — 1032 доллар, 4 хонали — 1258 доллар) туманларида кузатилди.

Ижара нархлари olx.uz платформасидан веб-скрейпинг орқали олинган очиқ маълумотлар асосида таҳлил қилинди. Бунда 2024 йилнинг октябрь ойи учун 43,1 мингта ва ноябрь ойи учун 38,1 мингта маълумотдан фойдаланилди. Иккала давр учун ҳам таҳлил нархлар чегарасининг юқори ва пастки 5 фоизлик квантиллари чиқариб ташланганидан кейин амалга оширилди, дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкентда кўп қаватли уй-жой қурилишига йўналтирилган инвестиция даромадлилиги тушиб бораётгани қайд этилганди. Февраль ойида кўчмас мулкка инвестицияларнинг рентабеллиги ўртача 32,4 фоизни ташкил этган бўлса, октябрь ойида у 12,2 фоизга тушди, дея қайд этган МҲТИ.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, аҳоли учун турли инвестиция воситаларининг, жумладан, акциялар, облигациялар ёки пенсия фондлари каби имкониятларнинг чеклангани шароитида ривожланаётган мамлакатларда, айниқса уй-жой нархлари ошиб бораётган бир пайтда жамғармаларни уй-жойга инвестицияларга йўналтириш тенденцияси кузатилади.

МҲТИга кўра, ривожланаётган давлатларда аҳоли жамғармаларининг уй-жойга йўналтирилиши қисқа муддатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни ошириши мумкин. Аммо узоқ муддатда капитал бозорини ривожлантириш ва аҳоли учун диверсификацияланган инвестиция имкониятларини тақдим этиш муҳимдир.