Сўнгги икки кун ичида Исроил ҳарбийлари Сурия бўйлаб камида 480 та ҳаво ҳужуми уюштирди ва қурол-яроғлар «стратегик захираларининг катта қисмини» йўқ қилди, деб хабар берди Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ).
Зарбалар нишонлари зенит батареялари, аэродромлар, қурол ишлаб чиқариш объектлари, қурол-яроғ омборлари, ҳарбий иншоотлар, учириш қурилмалари ва ўт очиш позициялари бўлган, дейилади Исроил армияси хабарида.
ЦАХАЛ, шунингдек, 80 км дан 190 км гача радиусли ракеталари жойлашган Суриянинг иккита ҳарбий-денгиз обектига зарба берди ва Ал-Байд ва Латакия портларида 15 та кемани йўқ қилди.
Қурол захираларининг йўқ қилиниши «уларнинг террорчи унсурлар қўлига тушишининг олдини олди», — дейди ЦАХАЛ. Ҳарбийларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қулаган Башар Асад режимининг 70−80% «стратегик ҳарбий имкониятлари» йўқ қилинган, деб ёзди The Times of Israel.
Исроил 50 йил ичида биринчи марта демилитаризация қилинган буфер зонада ҳам, унинг ташқарисида ҳам қуруқликдаги қўшинларини жойлаштирди, деб таъкидлайди CNN. Ушбу зона 1974 йилда 1967 йилги Олти кунлик уруш натижасида ташкил этилган. 1981 йилда Исроил ҳудудни бир томонлама аннекция қилган.
Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац Суриянинг жанубида «Исроилнинг доимий иштирокисиз» «стериль ҳимоя зонаси»ни яратишга буйруқ берганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бу Исроилга ҳар қандай террорчилик таҳдидининг олдини олиш учун қилинмоқда.
Бунга жавобан Араб давлатлари лигаси Исроилни Суриядаги беқарор ички вазиятдан ерларни босиб олиш учун фойдаланганликда айблади.
- 8 декабрга ўтар кечаси «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилигидаги қуролли исёнчилар Сурия пойтахти Дамашққа бостириб кириб, президент Башар Асад режимини ағдарганини эълон қилди. У мамлакатни 24 йил, унинг оиласи эса 1971 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётганди. Асад мамлакатдан қочиб, оиласи аъзолари билан Россияда бошпана топди.
- Исёнчилар томонидан ташкил этилган Суриянинг ўтиш ҳукуматига Муҳаммад ал-Башир бошчилик қиляпти. У 2025 йил 1 мартга қадар мамлакат бош вазири вазифасини бажаради. Бунгача ал-Башир 2017 йилда Сурия мухолифати томонидан тузилган ва фуқаролар уруши пайтида «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» томонидан босиб олинган Идлиб провинцияси ҳудудида фаолият юритаётган муқобил ҳукумат — Қутқариш ҳукуматига раҳбарлик қилган.