АҚШ Молия вазирлиги Украинага 20 миллиард доллар миқдорида кредит ажратилишини эълон қилди, бу Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромадлар билан қопланади.
«Россиянинг музлатилган активларидан олинган кутилмаган даромадлар ҳисобидан тўланган ушбу маблағлар Украинага тажовузкор урушдан ҳимоя қилишда жуда муҳим ёрдам беради», — деди АҚШ молия вазири Жанет Йеллен.
АҚШ томонидан ажратилган маблағ июнь ойида бўлиб ўтган саммитда «Катта еттилик» мамлакатлари томонидан келишилган 50 миллиард долларлик кредитнинг бир қисми бўлади. Октябрь ойида Европа кенгаши Украинага 35 миллиард еврогача бўлган кредитни маъқуллаганини маълум қилди, бу музлатилган Россия активларидан олинган даромадлар ҳисобидан таъминланади.
«G7 томонидан ушбу ташаббус орқали тақдим этилаётган 50 миллиард доллар Украинага фавқулодда хизматлар, шифохоналар ва мардона қаршилик кўрсатишнинг бошқа асосларини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган ресурсларга эга бўлишига ёрдам беради. Американинг Украинага хавфсизлик бўйича ёрдами ва Россияга қарши санкцияларни қатъий равишда кучайтириши бўйича биз бундан кейин ҳам қиладиган қадамлар Украинанинг ўз суверенитетини ҳимоя қилиш ва адолатли тинчликка эришиш позициясини янада мустаҳкамлайди», — деб қўшимча қилди Йеллен.
Молия вазирининг қайд этишича, Украинани қўллаб-қувватлаш АҚШ миллий манфаатлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
«Украинанинг қулашига йўл қўйилиши Путиннинг янада тажовузкор бўлишига олиб келади ва биз шартнома бўйича ҳимоя қилиш мажбуриятини олган Европадаги НАТО иттифоқчиларимизнинг хавфсизлигини хавф остига қўяди. Муваффақиятли Украина Қўшма Штатлар ва ҳамкорларимизнинг демократияни тажовуздан ҳимоя қилиш, жаҳон иқтисодиётини ҳимоя қилиш ва коллектив хавфсизлигимизни мустаҳкамлаш борасидаги қатъийлигини намойиш этади», — деди у.
«Бу қарор адолатнинг кучли ҳаракатидир. Россиянинг активларидан Украинани қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиб, G7 тажовузкорни жавобгарликка тортмоқда. Бу аниқ ва қатъий мессеж жўнатади: Россия ўзининг шафқатсиз уруши учун жавоб бериши керак, Путин режими халқаро ҳуқуқни бузиш, уруш жиноятлари ва демократияга тажовуз каби ишларининг оқибатларига рўбарў келиши керак», — деб ёзди Украина президенти Владимир Зеленский кредит ажратишига жавобан.
«Украинани қўллаб-қувватлаш — бу нафақат бир миллат билан бирга туриш, балки Европада хавфсизликни таъминлаш ва ҳар қандай бўлажак тажовузкорга кучли сабоқ беришдир: уруш ҳаракатлари учун жавобгарлик муқаррардир», — дея қўшимча қилди Зеленский.
2022 йилда Россия ҳаррбийларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг Ғарб давлатлари Россиянинг 300 миллиарддан ортиқ суверен активларини музлатиб қўйди. Маблағларнинг катта қисми Европада сақланади. Аввалроқ 2024 йилда Европа Иттифоқи ушбу активлардан фойдаланишдан олинган фойдани Украинага ўтказишни бошлаганди.