Ўзбекистонда сут маҳсулотларига ишлаб чиқаришда табиий ёки қуруқ сутдан фойдаланилганини кўрсатувчи маркировка жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 10 декабрь куни озиқ-овқат саноатидаги ишлар ва 2025 йилга мўлжалланган режалар билан танишган президент билан учрашувда сўз борди.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида тадбиркорлар таклифига кўра қуруқ сут импортига чекловлар олиб ташланиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Унга кўра, сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун олти ой муддатда Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида синов лабораторияларини ташкил этиш режалаштирилган. Бундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришда табиий ёки қуруқ сутдан фойдаланилгани тўғрисида маркировкалаш амалиёти йўлга қўйилади.
Ваҳобовнинг таъкидлашича, қадоқда табиий сут ёки қуруқ сут ишлатилгани ҳақидаги маълумот кўрсатилиши харидорларга онгли равишда танлаш имконини беради.
«Масалан, музқаймоқ ва пишлоқ маҳсулотлари қуруқ сутдан тайёрланса, истеъмолчи табиий ва қуруқ сутдан тайёрланган маҳсулотларни танлаши керак. Президентимиз, биринчи навбатда, аккредитациядан ўтиши шарт бўлган лаборатория ташкил этиш вазифасини қўйди. Бу тизим ўрнатилади, президент ташаббусни қўллаб-қувватлади», — деди у.
Бугунги кунга келиб мамлакатда табиий сут ишлаб чиқариш 13 миллион тоннага етди, деди ССП раҳбари.
Президент мазкур йиғилишда бош вазир ўринбосарига ўсимлик ёғи экспортига қўйилган тақиқни бекор қилиш таклифини ўрганишни топширди. Шунингдек, кичик ёғ-мой цехлари ишини қонунийлаштириш кўзда тутилган. Халқаро стандартларни жорий этиш ҳисобига колбаса маҳсулотларининг яроқлилик муддатини ошириш режалаштирилган.
Февраль ойида президент гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун 315 миллион доллар ажратилишини маълум қилганди. Чорвачилик комплексларини ташкил этиш, чорва молларини харид қилиш ва озуқа ишлаб чиқариш учун имтиёзли сўм кредитлари ажратилади. Президент беларуслик ҳамкорлар билан 200 млн долларлик сут ва озуқа ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тайёрлаш бўйича топшириқ берган.