Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан такси ва етказиб бериш хизматлари сифати бўйича фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўрганиш ишлари олиб борилди, деб хабар қилди қўмита матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида ўтказилган рейд тадбирларида Davr trans servis МЧЖга бириктирилган Нурафшон АШБ-Кучлик қўрғони-Аранча йўналишида нархларни сунъий равишда оширган ҳолда ҳайдовчилар томонидан 5000−7000 сўмгача миқдорда йўловчилардан йўл ҳақи олинаётгани аниқланган. Аслида тасдиқланган жадвалга асосан йўл ҳақи 2800 сўм бўлган.

Бухоро вилояти Когон шаҳрида 103 ва 114-йўналишларда ҳаракатланаётган Damas ҳайдовчилари йўлкира ҳақини асоссиз равишда ошириб, хизмат кўрсатган. Қатновларда лицензиясиз ва рухсат этувчи ҳужжатларсиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган бир қатор транспорт воситаларига маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Тошкент шаҳридаги Yandex Go хизмати фойдаланувчилари йўл ҳақини нақд пулда тўлашларига қарамай, илова орқали банк пластик картасидан ҳам пул ечиб олингани ҳақида билдирган. Бундан ташқари, буюртма қилинган байрам тортлари, таомлар, маиший техникаларни таксилар орқали етказишда ҳам муаммоларга дуч келишган. Яъни улар нотўғри манзилга етказилган, кечиктирилган ёки умуман етказилмаган.

Бундай қоидабузилишларга йўл қўйган ҳайдовчилар иловада блокланган, кўрсатмаган хизматлари учун тўловларни амалга оширган фуқароларга жами 1 009 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари қайтарилиши таъминланган.

Жиззах вилоятида йўловчи Жиззах — Пахтакор йўналишида қатновни амалга оширувчи такси хизматидан норозилигини билдирган. Ўрганишлар натижасида ушбу йўналиш бўйича фуқаро тўлаган 40 минг сўмдан ортиқча олинган йўл ҳақи қайтарилиши таъминланган.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида Call taxi ҳайдовчиси йўловчидан 12 минг сўм ўрнига 32 минг сўм талаб қилиб, қўпол муомала қилган. Ортиқча тўланган 20 минг сўм мижозга қайтарилиб, ҳайдовчига таксометрдан тўғри фойдаланиш, йўловчилар билан мулоқот қилиш одоблари тўғрисида тушунтириш берилган.

Самарқанд вилоятида икки нафар фуқаро ҳайдовчининг қўпол хатти-ҳаракати, шунингдек, тўлов ва буюртма бериш билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаат қилган. Yandex Go ҳайдовчиларига хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилиш бўйича огоҳлантиришлар берилган.

Фарғона шаҳрида ҳам фуқаро Yandex Go хизматидан фойдаланганда ортиқча 9500 сўм ечилгани, аммо хизмат кўрсатувчига тўлов пулини қайтарилиши юзасидан бир неча бор қилган мурожаатлари ечим топмагани юзасидан мурожаат қилган. Маблағ унга ҳам қайтарилган.

Қўмитанинг эслатишича, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига асосан сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларига мувофиқ, йўлкира тўлови сафар якунида таксометр кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.

Шу билан бирга, қўмитанинг таъкидлашича, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этилади.